АМИНОВ Неъмат (1937.17.7, Бухоро вилояти Ромитан тумани) — ҳажвчи ёзувчи. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). Бухоро педагогика ин-тининг тарихфилология ф-тини тамомлаган (1959). Вилоят радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва бош муҳаррир (1961-73), «Муштум» жур. да масъул котиб, бош муҳаррир (1973 – 95), «Шарқ юлдузи» жур. бош муҳаррир ўринбосари(1989 — 91), республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази раҳбари (1995—99). Биринчи ҳажвий ҳикоялар тўплами — «Икки пуллик обрў» 1966 й. да нашр этилган. Сўнг «Қирқ учинчи почча» (1970), «Лабиҳовуз хандалари» (1973), «Чинорлар қўшиғи» (1984), «Елкасиз полвон» (1986), «Ўғри мушукча» (1987), «Қаҳқаҳа» (1987), «Яллама-ёрим» (1988), «Чолболанинг эртаклари» (1990) ва б. ҳажвий тўпламлари зълон қилинган. 1976 — 83 йларда «Елвизак» ва «Суварак» қиссалари асосида «Ёлғончи фаришталар ёхуд елвизакфеъл ва суваракмижоз Баширжон Зайнишев ҳаётидан» ҳажвий романини яратди. Унинг ҳажвчилик ижоди адабиётда ўзига хос миллий бўёқларга бойлиги билан ажралиб туради. Унинг ижодига хос халқчиллик «Бир аср ҳикояти» (1996) асарида намоён бўлди. А отасидан эшитган воқеалар ва ҳикматлар силсиласи асосида донишманд Шарқ кишисининг ажойиб образини яратди. Аминов асарлари бир қанча хорижий тилларга таржима қилинган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (1999).