АМИР ТЕМУР БОҒЛАРИ

АМИР ТЕМУР БОҒЛАРИАмир Темур Самарқанд атрофида бунёд эттирган боғлар. Амир Темур Боғлари хусусидаги дастлабки маълумотлар ўтмиш тарихчилари, шоирлари, сайёҳлари асарларида учрайди. Шунингдек, А. Т. б. Ўрта асрлар рассомлари миниатюраларида ҳам тасвирланган.

Амир Темур Боғлари тузилишига кўра 2 турга бўлинган:

1) чорбоғлар — геометрик (тўртбурчак, тўғри тўртбурчак) шаклда бўлиб, ҳар томони тахм. 1 км масофага чўзилган. Саҳнидан ўтган ариқлар уларни тенг 4 қисмга ажратиб турган. Атрофидаги баланд пахса деворларнинг ҳар бурчагида минора бўлган. Марказда сарой жойлашган. Бундай боғларнинг дарвозалари шаҳар тарафга қаратиб қурилган;

2) тузилиши геометрик шаклда бўлмаган, табиий дарахтзор ва чакалаклар бағрида барпо этилган боғлар. Бундай боғлар ҳукмдор шикор (ов) қилиши учун мўлжалланган бўлиб, асосий қисми табиий, қўл теккизилмаган ҳолда сақланган. Уларнинг кичик бир қисмигагина дам олиш учун сарой, кўшк ва чодирлар қурилган, ҳовузлар қазилиб, фавворалар ўрнатилган. Бу турдаги боғларнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ниҳоятда бой бўлган.

Амир Темур Боғларидан энг машҳурлари қуйидагилар; Боғи Баланд. Амир Темур Самарқанднинг шим. даги Чўпонота мақбараси яқинида набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Уни барпо қилишда Эрон, Озарбайжон ва б. мамлакатлар боғчилик санъати усталари ҳамда меъморлари қатнашган. Боғ ўртасида Табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли қаср бўлиб, унинг атрофидаги узумзор, анжирзор ва олмазорлар боққа гўзал бир тароват бахш этиб турган.

Боғи Беҳишт. Амир Темур Самарқанднинг ғарбида суюкли хотини Туман оға (Хайруннисо)га атаб қурдирган (1378). Ёзма манбаларда «Боғи Жаннат» номи билан аталади. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, боғ ўртасидаги атрофи хандак билан муҳофаза этилган сунъий тепалик устида Табриз оқ мармаридан курилган ҳашаматли сарой бўлган. Саройга бир неча кўтарма кўприклар орқали кирилган. Саройнинг бир тарафида ҳайвонот боғчаси ҳам бўлган.

Боғи Давлатобод. Амир Темурга Ҳиндистон юришидан қайтган куни (1399 й. 22 апр.) ҳадя килинган. Археологик тадкикотлар (И. А. Сухарев, 1936 ва Ў. Алимов, 1967)га кўра, у Самарқанддан 13 км жан. да, Катта Ўзбекистон трактининг чап томонида бўлган. Амир Темур бу боғда зафарли юришлардан қайтгач, дам олган, тантанали маросимлар ўтказган, элчиларни кабул қилган. Археологик казишлар натижасида боғнинг 1350×900 м майд. ни эгаллагани, атрофи баланд пахса девор билан ўралгани ва унда ариқлар, 4 ҳовуз (бири 62×28 м, иккитаси 25Х25 м, яна бири 32×32 м) ҳамда сарой (пойдевори 70×70 м) бўлгани аниқланди. Сарой сунъий тепа (бал. 12 м) устига қурилган, атрофи хандақ (эни 20 м) б-н ўралган. Унга 2 та кўтарма кўприк орқали кирилган.

Боғи Дилкушо (Кўнгил очувчи боғ). Амир Темур хотинларидан бири — Тўқалхоним шарафига қурдирган (1397). Самарқанддан 5 км шарқда, Панжакент йўлининг ўнг томонида (қад. Ҳиндувон қишлоғи ўрнида) жойлашган. Ҳар тарафи 900 м узунликдаги баланд пахса девор билан ўралган, 4 дарвозаси, марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган. Сарой деворларига Амир Темур олиб борган урушлардан лавҳалар чизиб қўйилган. Амир Темур Испания элчиси Руи Гонзалес де Клавихони ана шу боғда қабул қилган. Бу боғ ўрнида ҳозир Дилкушо қишлоғи жойлашган.

Боғи Жаҳоннамо (Жаҳон кўзгуси). Амир Темур Самарқанддан 7 фарсах (42 км) нарида, Зарафшон тоғи этагида қурдирган (1398). Унда сарой ва қалъа бўлган. «Зафарнома»да ёзилишича, бу боғнинг ҳудуди бениҳоят катта бўлиб, йўқолиб қолган от 6 ойдан сўнг топилган экан.

Боғи Майдон. Амир Темур Самарқанднинг шим. да, Чўпонота тепалиги этагида қурдирган. Тарихий манбаларга Караганда, боғда ҳашаматли бир айвон (кўшк) ва қимматбаҳо тошлардан ясалган тахт бўлган. Мирзо Улуғбек бу богни янада обод қилган. Бобур шу ҳақда бундай деб ёзади: «Бу боғнинг ўртасида (Улуғбек) бир олий иморат қилибдур. Чил (қирқ) сутун дерлар, ду (икки) ошёна (кават), сутунлари тамоми тошдин. Бу иморатнинг тўрт бурчида тўрт манордек буржлар қўпорибтурларким, юқориға чиқар йўллар бу тўрт бурждиндур. Ўзга тамом ерларда тошдин сутунлардир. Баъзини морпеч хиёра (бурама, кўпқиррали) қилибтурлар. Юқориги ошёнанинг тўрт тарафи айвондир, сутунлари тошдан. Ўртаси чордора уйдир. Иморат курсисини тамом тошдан фарш қилибдирлар». Бу боғ ўрни ҳозир ҳам Боғи Майдон деб аталади.

Боғи Нав (Янги боғ). Амир Темур Самарқанднинг жан. да қурдирган (1404). Лолазор қишлоғи ўрнида жойлашган. Бу боғ тўртбурчак шаклда бўлиб, атрофи баланд пахса девор билан ўралган, ҳар бурчагида минора қад кўтариб турган. Марказида бошқа боғлардагига нисбатан каттароқ қаср, унинг олдида ҳовуз бўлган.

Боғи Чинор. Амир Темур Самарқанднинг шарқида (Конигилнинг жан.-ғарб тарафида, ҳоз. «Қўш тамгалик» тепалиги ўрнида) барпо қилдирган (1404). Унда чинорлар кўп бўлган. Марказида хочсимон тархли сарой жойлашган.

Боғи Шамол. Амир Темур 1397 й. набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Самарқанднинг ғарбида бўлган. Ундаги сарой тўртбурчак шаклда бўлиб, ҳар томони 1500 қадамни ташкил қилган. Деворларига мармар қопланиб, саҳни қора ёғоч ва фил суягидан ишланган. Бу бог жойлашган ҳудуд ва у ердаги ариқ ҳозир ҳам «Боғи Шамол» деб аталади.

Самарқанд атрофида булардан ташқари яна бир қанча боғлар бўлган. Чунончи, Боғи Бўлду, Боғи Зоғон, Боғи Нақши Жаҳон, Боғи Амирзода Шоҳрух, Боғча, Боғи Дилафрўз, Боғи Шерон, Гулбоғ, Лолазор, Бедана қўруғи, Чумчуқлик, Ғозхона ва б. шулар жумласидандир. Амир Темурнинг боғ қуриш анъанасини темурийлардан Шоҳрух, Улуғбек, Бобур ва б. ҳам давом эттиришган.

Ўткир Алимов.

Next Article

АМИРИЙ