АМИР ТЕМУР

АМИР ТЕМУР, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул) [1336.9.4, Кеш (ҳоз. Шаҳрисабз) ш. яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳоз. Яккабоғ тумани) — 1405.18.2, Ўтрор ш., Самарқандда дафн этилган) — ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси.

Амир Темурнинг онаси Такина хотун бухоролик. Отаси амир Тарағой эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусиниш эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган. Шу боис Амир Темурнинг отаси амир Тарағой ҳам йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойига таклиф этилар ва у бундай йиғинларда муттасил қатнашар эди. Шу билан бирга у, Шарафуддин Апи Яздийнинг таъкидлашига кўра, «уламо ва сулаҳо ва муттақийларға мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…». Тарағойбек пири Шамсуддин Кулолни айниқса чуқур эҳтиром қилган. Кейинчалик шайх Кулол Амир Темурнинг ҳам пири бўлган. Тарағойбек 1360 й. да вафот этган.

Амир Темурнинг ёшлиги Кешда кечди. Етти ёшга тўлгач, отаси уни ўқишга берди. Амир Темур ёшлик чоғлариданоқ махсус мураббийлар назорати остида чавандозлик, овчилик, камондан нишонга ўқ узиш, бошқа турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлган. Шу аснода Амир Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб вояга етган. Амир Темур табиатан оғир, босиқ, теран фикрли ва идрокли ҳамда ниҳоятда зийрак, кишилардаги қобилият, фазилат, айниқса, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган. Шу туфайли ўспиринлик чоғларидаёқ атрофига тенгқурлари орасидан садоқатли дўстларни жалб қила олган. Унинг атрофига болаликдаги дўстлари ва мактабдошлари (Аббос баҳодур, Жаҳоншоҳбек, Қимори иноқ, Сулаймоншоҳбек, Идику Темур, Сайфуддинбек, Ҳиндушоҳ, Қарқара ва б.) тўпланишиб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, астасекин навкар бўлишиб ва ҳарбий гуруҳга бирлашиб, ҳарбий бўлинма сифатида шакллана борган. Кейинчалик улар Амир Темур қўшинида лашкарбошилик даражасигача кўтарилганлар.

Амир Темур ўзининг илк ҳарбий фаолиятини қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган; уларнинг ўзаро курашларида қатнашиб, жасорат кўрсатган, жангларда чиниққан, ҳарбий маҳоратини оширган. Донғи бутун Кашкадарё воҳасига ёйилган. Амир Темурнинг ақлу заковати, шижоати ва шуҳрати уни Мовароуннаҳрнинг нуфузли амирларидан амир Хизр Ясовурий ва амир Қазағон билан яқинлаштирди. Хондамирнинг ёзишича, отаси амир Тарағой Амир Темурни аввал (1355) амир Жоку барлоснинг қизи Нурмушк оғога, сўнгра ўша йили (1355) Қазағоннинг набираси ва амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон огога уйлантиради. Кейинги никоҳ туфайли Амир Темур билан Балх ҳокими амир Ҳусайн ўртасида иттифоқ юзага келиб, улар биргаликда мўғулларга қарши курашадилар. Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги ҳаракати 14-а. нинг 60-й. лари бошларидан бошланди. 14-а. нинг 50-й. лари охирида Мовароуннаҳрда амирларнинг ўзаро кураши кучайиб, амир Қазағон ўддирилди. Мамлакатда сиёсий парокандалик авжига чиқиб, оғир танглик содир бўлди. Хондамирнинг «Ҳабиб уссияр» китобида келтирилган маълумотларга қараганда, улус ўнга яқин мустақил бекликларга бўлиниб кетган. Самарқанд вилоятида амир Баён сулдуз, Кешда амир Ҳожи барлос, Хўжандда амир Боязид жалоир, Балхда Улжой Буға сулдуз, Шибирғонда Муҳаммад I Хожа Аперди найман, Кўҳистонда Бадахшон шоҳи амир Сотилмиш, Хутталонда Кайхусрав, Ҳисори Шодмон ҳудудида амир Ҳусайн ва амир Хизр Ясовурийлар ўзларини ҳокими мутлақ деб эълон қиладилар.

Бу даврда Чиғатой улусининг шарқий қисми — Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланиб, бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатишга ҳаракат киладилар. Жета хонларидан Туғлуқ Темур ва унинг вориси Илёсхожа 1360 — 61 ва 1365 й. ларда Мовароуннаҳрга бир неча бор бостириб кирадилар. Мўғул хонларининг боскинчилик юришлари ва зулмига карши халқ ҳаракати бошланади. Бироқ, Мовароуннаҳр амирлари халққа бош бўлиб, мўғул босқинчиларига қарши курашга журъат эта олмайдилар. Уларнинг бир қисми душман тарафига ўтади, иккинчи қисми эса эл-юртни тарк этиб, ўзга мамлакатлардан бошпана излайдилар. Амир Темурнинг амакиси, Кеш вилоятининг ҳукмдори амир Ҳожи барлос Хуросонга қочади. Мана шундай оғир паллада сиёсат майдонига Амир Темур киради. Мўғулларга қарши туриш учун кучлар нисбати тенг эмаслигини ҳисобга олган 24 ёшли Амир Темур 1360 й. нинг бошида Туғлуқ Темур томонидан Кешга юборилган беклар билан келишади. Шароит тақозоси билан хон хизматига ўтиб, унинг ёрлиғи билан ўз вилоятининг доруғасн этиб тайин қилинади. Шубҳасиз, бу ноиложлиқдан қўйилган сиёсий ҳамда стратегик қадам бўлиб, бу б-н А. Т. мўғулларнинг навбатдаги талонтарожининг оддини олган, мамлакат ва халқни фалокатдан қутқарган эди. Бироқ, Мовароуннахрнинг ҳукмдори этиб тайин қилинган Илёсхожа ва унинг лашкарбошиси амир Беккичик билан Амир Темурнинг муросаси келишмай қолади. Шу сабабдан 1361 й. нинг охирида у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.

Хиванинг жан. да, Урганжий даштида А. Т. Туғлуқ Темурнинг яна бир рақиби — қайноғаси амир Ҳусайн билан учрашади. Амир Темур мўғуллар билан курашиш мақсадида у билан бирлашиб, икковлон куч тўплашга киришади. Дастлаб улар Туғлуқ Темурхоннинг фармонига биноан Амир Темурни таъқиб қилишга киришган Хива доруғаси Тўқол (Таваккал) билан жанг қиладилар. Сўнгра 1362 й. нинг кузида Сеистонда вилоят ҳукмдори Малик Қутбиддиннинг тарафида туриб мекронийлар билан бўлган тўқнашувда Амир Темур ўнг кифти ва ўнг оёғидан жароҳатланди.

Амир Темур ва амир Ҳусайн кейинги икки йил давомида Илёсхожа бошлиқ Жета лашкари билан бир неча марта жанг қиладилар. Ниҳоят, 1364 й. охирида улар мўғул қўшинларини Мовароуннаҳр ҳудудидан қувиб чиқаришга муваффақ бўладилар.

Бироқ, Мовароуннаҳрни қўлдан чиқаришни истамаган Илёсхожа 1365 й. нинг баҳорида яна Туркистон устига қўшин тортади. Тошкент билан Чиноз оралиғида икки ўртада содир бўлган жанг тарихда «Лой жанги» номи билан шуҳрат топади. Жангда амир Ҳусайннинг хиёнати оқибатида мағлубиятга учрайдилар ва ўз қўшинлари билан Амударё бўйларига чекиниб, Балх вилоятида ўрнашдилар. Илёсхожа эса ҳеч қандай қаршиликка учрамай Хўжанд, Жиззах ва б. бир қанча шаҳар ҳамда қишлокларни эгаллаб, Самарқанд устига юради. Самарқанд ўша пайтларда катта қўшинга қаршилик кўрсата олмасди. Шаҳарнинг на девори ва на мустаҳкам истеҳкомлари, на қуролланган сипоҳийси бор эди. Бек ва амирлар шаҳарни тарк этган эди, лекин мўғулларга қарши халқ кўта-ридди, сарбадорлар шаҳар мудофаасини ўз қўлларига оддилар. Шаҳар мудофаачиларига Мадраса толиби илмларидан Мавлонозода Самарқандий, жун (пахта) титувчилар маҳалласининг оқсоқоли Абу Бакр Кулуйи (Калавий) Наддоф ва мерган мавлоно Хурдаки Бухорийлар бошчилик қиладилар. Сарбадорлар Самарқанд ш. да мўғулларга қақшатқич зарба берадилар. Илёсхожа дастлаб Самарқандни, сўнгра бутун Мовароуннаҳрни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Сарбадорларнинг мўғуллар устидан қозонган ғалабаси ҳақидаги хабар амир Ҳусайн б-н А. Т. га ҳам бориб етган. Амир Темур қишни Қаршида, Ҳусайн эса Амударё бўйида ўтказиб, 1366 й. баҳорида Самарқандга йўл олдилар. Улар Конигита тўхтаб сарбадорларнинг душман устидан қозонган ғалабаларидан мамнун бўлганликларини ва улар билан учрашмоқчи эканликларини билдирадилар. Бироқ, сарбадорларнинг бошлиқлари амирлар ҳузурига келганларида амир Ҳусайн буйруғи билан Абу Бакр Кулуйи (Калавий) Наддоф билан мавлоно Хурдак Бухорийлар дорга тортилади. Мавлонозодани эса Амир Темур ўз ҳимоясига олиб кутқариб қолади. Шу тариқа сарбадорлар бошлиқсиз қолдирилиб, Мовароуннаҳрда амир Ҳусайннинг ҳукмронлиги ўрнатилади, аммо кўп вақт ўтмай Ҳусайн билан Амир Темур ўртасидаги муносабат кескинлашиб, очиқдан-очиқ низога айланади. Амир Темурнинг нуфузи ортиб бораётганлигидан хавфсираган амир Ҳусайн Балхга қайтиб, унинг қалъа деворлари ва истеҳкомларини мустаҳкамлашга киришади. Балх, Қундуз ва Бадахшондан кўп сонли лашкар ҳам тўплайди. Кеш ва Қарши вилоятларига бош бўлган Амир Темур ҳам амир Ҳусайнга қарши ҳал қилувчи жангга ҳозирлик кўради. 1366 — 70 й. лар ўртасида бир неча бор тўқнашувлар бўлиб ўтади.

14-а. нинг 60-й. ларида Мовароуннаҳрда ҳукм сурган ниҳоятда оғир сиёсий ва иқтисодий вазият мамлакатни бирлаштириб, кучли бир давлат ташкил этишни тақозо қилмоқда эди. Амир Ҳусайндан кўра А. Т. замонининг бундай талабини яхшироқ тушунарди. Шунинг учун ҳам ўз фаолиятининг дастлабки босқичида барча ҳаракатни Мовароуннахрда марказлашган давлат тузишга қаратади. Бундай мақсадни амалга оширишда у руҳонийлар, ҳарбийлар, савдогарлар ва шаҳар ҳунармандлари табақаларига суянади. Амир Темур тарқоқ мамлакатни бирлаштиришга киришар экан, курашни аввало ички ғанимларидан бошлайди. 1370 й. баҳорида Амир Темур амир Ҳусайнга қарши йўлга чиқади. Қўшин Термиз яқинидаги Биё қишлоғига етганда маккалик шарифлардан Саййид Барака А. Т. фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора — табл билан ялов — байроқ тортиқ қилади. Шубҳасиз бу воқеа катта сиёсий аҳамиятга эга эди. Чунки у салтанатлик рамзи эди. Амир Темур буни яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам Балхга етмасдан Ўрпуз мавзеида у амир ва нўёнлари билан кенгаш ўтказади. Кўпчиликнинг хоҳиш ва ихтиёри б-н, ўша давр қонун-қоидаларига кўра, чингизийлар авлодидан бўлган Суюрғатмиш ўғлон Мовароуннаҳр подшолиги тахтига ўтқазилди. Амир Темур қўшини то Балхга етиб боргунича, унга йўл-йўлакай янги-янги кучлар келиб қўшилди. Шу аснода амир Ҳусайнни кўпчилик амирлари тарк этдилар. Жангда амир Ҳусайн қўшинлари енгилди, икки кунлик қамалдан сўнг, 1370 й. нинг 10 апр. да Балх ш. А. Т. га таслим бўлди. Амир Ҳусайн асир олиниб, қатл этилди. Бу ғалабадан сўнг А. Т. Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулк хонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйланганлиги муносабати билан Амир Темур «кўрагон», яъни «хоннинг куёви» унвонини олди.

1370 й. нинг 11 апр. да Чиғатой улусининг барча беклари, амирлари, вилоят ва туманларнинг доруғалари ҳамда Термизнинг саййидлари (худовандзодалари), шунингдек Амир Темурнинг ёшликдан бирга бўлган қуролдош дўстлари ва пири Саййид Бараканинг иштирокида ўтказилган қурултойда анъанага кўра чингизийлардан Суюрғатмишхон мамлакат ҳукмдори деб эълон қилинган бўлсада, амалда марказий ҳокимиятни Амир Темур ўзи бошқарди, вилоятлардаги ҳокимиятни ўғиллари, набиралари ва яқин амирлари орқали идора қилди. Самарқанд Амир Темур давлатининг пойтахтига айлантирилиб, ўша йилнинг ёзида шаҳар девори ва қалъаси тикланди, сарой ва қасрлар бино қилинди.

Мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаб, кўпдан давом этиб келаётган ички тарқоқликка барҳам бериш, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш мақсадида Амир Темур (1370 й. июнида) Самарқандда катта қурултой чақирди. Унда марказий давлат тизимини шакллантириш ва қўшин тузиш масалалари муҳокама этилди.

Эл-юртни бошқаришда ҳарбий кучнинг аҳамиятини яхши тушунган Амир Темур қўшиннинг тузилишига катта аҳамият берди. У «амир» ва «амир ул-умаро» каби юқори даражали ҳарбий унвонлар жорий қилди. Қўшинни ҳарбий жиҳатдан ислоҳ қилар экан, у айниқса лашкарбошиларни танлаш ва уларни тарбиялаш, ҳарбий қисмлар ва уларнинг жойлашиш тартиби, навкар ва сарбозларнинг қуролланиши ҳамда интизом масалаларига ниҳоятда эътибор беради (яна қ. Темурийлар ҳарбий санъати).

Амир Темур ҳокимият тепасига келгач, дастлабки вақтлардаёқ мамлакатда рўй берган оғир иқтисодий тангликни бартараф қилиш учун энг аввало солиқ тизимини тартибга содди. Давлат солиқларини йиғишда аминлар, калонтарлар ва солиқ йиғувчиларни раъиятга нисбатан инсоф ва адолатли бўлишга, қонунга хилоф иш тутмасликка чақирди, чунки салтанатнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан раъиятнинг ҳол-аҳволи, унинг давлат ва давлат бошлиғига бўлган садоқатига боғлиқ. Раъиятни ҳимоя қилиш қонун б-н мустаҳкамланган, қонун барчага баробар бўлган. Амир Темур нафақат ўз халқини, балки забт этилган мамлакатларнинг аҳолисини ҳам имкони борича қонун ҳимоясига олган. Уларни асирлик ва талон-тарожлардан сақлаган.

А. Т. Мовароуннаҳрни мўғуллар ҳукмронлигидан озод этиб, бу қад. мамлакатда мустақил давлат барпо этган бўлсада, ҳали мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатилган эмас эди. Бир томондан айрим вилоят ҳокимлари Амир Темур ҳакимиятини тан олишдан бош тортиб турган бўлсалар, иккинчи томондан мамлакатнинг шарқий ва шим. ҳудудлари нотинч эди. Мўғулистон билан Оқ Ўрда ҳукмдорлари Фарғона водийсининг шарқи, Ўтрор, Ясси (Туркистон) ва Сайрам ш. ларига хавф солиб, бу ҳудудларга тез-тез ҳужум қилар ва аҳолини талонтарож қиларди. Шунинг учун ҳам Амир Темур дастлабки йилларда мамлакат сарҳадлари хавфсизлигини таъминлашга катта аҳамият берди. Исёнчи амирларга қарши шафқатсиз кураш олиб борди. 1370 й. кузи ва 1371 й. баҳорида амир Зинда Чашмга зарба бериб, Шибирғон вилояти бўисундирилди. Балх ва Тошкент вилоятлари ҳам Амир Темур ҳокимиятини тан олдилар. Аммо Хоразм Оқ Ўрда ҳукмдорларига суяниб, ҳануз бўйсунишдан бош тортиб келарди. Хоразмни А. Т. Чиғатой улусининг ажралмас қисми деб ҳисоблаб, уни ўз давлатига кўшиб олиш сиёсатини тутди. Аммо бу масала элчилар воситасида тинч йўл билан ҳал этилмагач, А. Т. Хоразм ҳудудига беш маротаба юриш қилди. Биринчи юриши 1371 й. ёз (июл)ида Кот ш. ни эгаллаш билан якунланди. Амир Темурнинг 1373 й. баҳори ва 1375 й. ёзида Хоразм томонга қилган икки юриши натижасиз тугади. Бу аснода Олтин Ўрда хони Тўхтамиш билан иттифоқ тузиб олган Хоразм ҳукмдори Юсуф сўфи, унинг ёрдамида Амир Темур давлати ҳудудларига бир неча бор юриш қилиб, Қоракўл вилояти ва Бухоро туманларини талон-тарож этди. Бундай вазият шубҳасиз, 1379 й. да Амир Темурни тўртинчи маротаба Хоразмга қўшин тортишга мажбур этди. Лекин, бу юриш ҳам аввалгилари каби сулҳ тузиш билан тугади. Бироқ шунга қарамай, Юсуф сўфи илгари Хоразмнинг Чиғатой улусига тегишли бўлган жан.-шарқий (Кот ва Хива ш. лари бирга) қисмини яна қайтадан босиб олди. Амир Темур давлатига нисбатан Юсуф сўфининг тутган бундай тажовузкорона сиёсати Хоразм устига Амир Темурнинг бешинчи марта юриш қилишига сабаб бўлди. 1388 й. да Хоразмнинг пойтахти вайрон этилиб, унинг ҳудудлари Амир Темур давлатига бўйсундиридди.

Бу орада А. Т. Мўғулистон ҳокими Қамариддин билан ҳам тўқнашиб қолди, чунки бу даврда унинг Мовароуннаҳрга бўлган талончилик хуружлари кучайиб кетганди. 1370 — 71 й. ларда у Тошкент ва Андижон устига бир неча бор босқин қилиб, талаб қайтганди. 1376 й. да эса Қамариддин ҳатто Фарғона водийсининг талайгина қисмини босиб олди. Амир Темур мамлакатнинг шим.-шарқий ҳудудларига нисбатан бўлаётган муттасил тахдидни бартараф қилиш учун Қамариддинга жиддий зарба беришга киришади. Йигирма йил (1371 — 90) мобайнида Соҳибқирон Мўғулистонга етти марта юриш қилиб, мўғул ҳукмдорлари Анқотўра ва Камариддин устидан ғалаба қозонди. Шу зайлда А. Т. Мовароуннаҳр ва Хоразмда ички тарқоқлик, ўзаро низолар, шунингдек Мўғулистон томонидан бўлиб турган тазйиққа чек қўйиб, ушбу ҳудудда яшовчи элу элат ва халқларни ягона давлатга бирлаштирди. Бу шубҳасиз, Мовароуннаҳр аҳолиси тақдирида ижобий аҳамият касб этди. Аммо, Амир Темур бу билан қаноатланмади. Тез орада у қўшни давлатлар ва халқлар устига юриш қилиб, уларни ўзига бўйсундириш ва марказлашган буюк салтанат барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу даврда Олтин Ўрда, Хуросон ва Эрондаги ижтимоий-сиёсий вазият унинг учун жуда қўл келди. Амир Темур ҳарбий юришни Хуросондан бошлади. 1381 й. у Ҳиротни эгаллади. Сарахс, Жом ва Қавсия ш. лари жангсиз таслим бўлди. Хуросон, хусусан унинг пойтахти Ҳирот стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Эрон, Ироқ, Шом ва б. мамлакатларга ўтишда кўприк вазифасини ўтарди. 1381 — 84 й. лар давомида А. Т. Эроннинг катта қисмини эгаллади. Аввал (1381) Калот, Туршиз ва Сабзавор, кейин (1383) Сеистоннинг Зиреҳ, Зова, Фараҳ ва Буст қалъалари, 1384 й. да эса Астробод вилояти ва Озарбайжоннинг Омул, Сори, Султония ва Табриз ш. лари бўйсундирилди.

А. Т. Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Шом (Сурия) устига уч марта лашкар тортди. Бу юришлар тарихда «уч йиллик», «беш йиллик» ва «етти йиллик» урушлар номи б-н машҳур. Уч йиллик (1386 — 88) ҳарбий юришлар оқибатида Жан. Озарбайжон, Ироқнинг шим. қисми, Гуржистон ва Ван кўли атрофидаги ерлар эгалланди.

Амир Темур шу билан бирга шим.-ғарбдан, яъни Олтин Ўрда томонидан бўлаётган тазйиққа барҳам бериш мақсадида Тўхтамишга қарши уч марта қўшин тортишга мажбур бўлди. У 1389 й. да Дизақ (Жиззах)нинг Аччиқ мавзеида, 1391 й. нинг 18 июнида (ҳоз. Самара билан Чистополь ш. лари оралиғида жойлашган Қундузча (Кондурча) дарёси водийсида (қ. Кундузча жанги) ва ниҳоят, 1395 й. да (28 фев.) Шим. Кавказда Терек дарёси бўиида Тўхтамиш қўшинига какшатқич зарба беради (қ. Терек дарёси бўйидаги жанг). А. Т. ҳарбий юришлари оқибатида Қуйи Идил (Волга) вилоятлари, Сарой Берка, Саройчик ва Ҳожитархон (Астрахон) каби шаҳарлар ғорат қилинди. А. Т. Тўхтамишни қувиб Рязань вилоятигача борди ва Елец ш. ни ишғол қилди. Шарафуддин Али Яздий А. Т. нинг Москва юришини шундай таърифлайди: «Соҳибқирон Маскавга сориким, Руснинг шаҳарларидан эрди, таважжуқ қилди. Анда етконда нусратшиъор черики ул вилоятни (шаҳар ва атрофини) чобтилар ва андағи ҳокимларни тобеъ қилди. Ва черикнинг эликларига сонсиз мол тушти…» («Зафарнома», 179-бет). Бу урушда Азақ (Азов), Кубан ва Черкас ерлари ҳам кучли азият чекди. Қизиғи шундаки, А. Т. Идилнинг Туротур кечуви бўйида Ўрусхоннинг ўғли Қуйричоқ ўғлонни чақиртириб, унга қўлга киритилган собиқ Жўчи улусини инъом этди. Россия тарихчилари Б. Д. Греков ва А. Ю. Якубовскийпарнмнт ёзишларича, Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси, фақат Марказий Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек тарқоқ Русь князликларининг бирлашиши учун ҳам буюк аҳамият касб этган.

Шундан сўнг Амир Темур бутун эътиборини Эрон, Ироқ, Сурия, Кичик Осиё ва Ҳиндистон ерларини узил-кесил забт этишга қаратди. У беш йиллик (1392 — 96) уруш давомида Ғарбий Эрон, Ироқи Ажам ва Кавказни эгаллади, натижада музаффарийлар ва жалоирийлар сулоласининг ҳукмронлиги барҳам топди.

Амир Темурнинг Ҳиндистон устига қилган уруши (1398 й. май — 1399 й. март) қарийб ўн бир ой давом этди. А. Т. Ҳиндистондан катта ўлжа, шу жумладан 120 жанговар фил билан қайтди. Ўлжаларнинг бир қисми қўшинга тақсимлаб берилди, қолгани Самарқанд ва Кеш ш. ларида олиб борилаётган қурилишларга сарфланди.

Амир Темурнинг 1399 — 1404 й. ларда олиб борган ҳарбий юришлари натижасида Шомнинг Ҳалаб (Алеппо), Хумс, Баалбек (Баъалбак), Димишқ (Дамашқ) каби йирик шаҳарлари ва Ироқи Арабнинг Убулистон ўлкаси (қад. Каппадокия) б-н Бағдод, шунингдек Туркиянинг катта қисми забт этилади. Анқара жангида Амир Темур жаҳоннинг букж саркардаларидан бири Боязид Йилдирим устидан ғалаба қозонди. Туркия султони асирга олинди. У билан бирга хотини серб маликаси Оливера, ўғиллари Мусо ва Исо Чалабийлар ҳам асирга тушдилар. Сўнг, А. Т. Анадолу я. о. ни эгаллаб, Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган Измир ш. ни забт этди ва салибчиларнинг Яқин Шарқдаги охирги қароргоҳига барҳам берди. Сўнгра, Эгей денгизида жойлашган Хиос ва Лесбос о. ларидаги Генуя мулкларининг ҳукмдорлари унга таслим бўлдилар, Миср ҳам ўз итоаткорлигини изҳор этди. А. Т. Анқара, Никея, Бурса ва Измир ш. ларини эгаллаб, Византия ва бутун насоро оламининг Боязидга йиғиб берган божларидан иборат катта бойликни қўлга киритди. Биргина Бурса ш. дан олинган олтин ва жавоҳирларнинг ўзи каттагина карвонга юк бўлган. Банди қилинган Боязид ўрдугоҳга олиб келингач, Амир Темур унга хурмат ва эҳтиром кўрсатди. Унинг вафотидан сўнг (1403 й. 9 март) эса ворисларига ҳиммат кўзи билан боқиб, уларга беқиёс мурувватлар қилди. Чунончи Боязиднинг тўнғич ўғли Сулаймон Чалабийни туркларнинг Европадаги вилоятларига ҳоким этиб тайинлади. Эдирне (Адрианополь) ш. унинг пойтахти қилиб белгиланди. Анадолунинг шим.-ғарбий қисми суюрғол сифатида Исо Чалабийга инъом қилиниб, Бурса ш. унинг пойтахтига айлантирилди. Усмонли турклар давлатининг марказий қисмини бошқаришни Мусо Чалабийга топширди. А. Т. Усмонли турклар давлатини бутунлай босиб олиш ниятида бўлмаган, чунки у Европа давлатларининг Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан тажовузкорона ниятда эканлигини яхши тушунар эди. Шунинг учун ҳам А. Т. Усмонли турклар давлатини сақлаб қолди ва Боязиднинг ворисларига мурувват қўлини чўзди. Шундай бўлсада, Боязид устидан қозонилган бу ғалаба билан Амир Темурни Франция қироли Карл VI (1380 — 1422), Англия қироли Генрих IV (1399 — 1407) табриклаб, унга махсус мактуб юбордилар. Чунки Амир Темур эндигина уйгонаётган Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланган эди.

А. Т. Кичик Осиёдан Самарқандга қайтгач, 1404 й. 27 нояб. да 200 минг қўшин билан Самарқанддан Хитой сафарига чиқди. Бироқ Хитой устига юриш Амир Темурнинг Ўтрорда вафоти (1405 й. 18 фев.) туфайли амалга ошмай колли. Амир Темурнинг вафоти ҳақидаги хабар гарчи аввалда сир тутилсада, аммо кўп вақт ўтмай бу нохуш хабар мамлакат бўйлаб тарқалиб кетади. Амир Темурнинг жасади Самарқандга олиб келиниб дафн қилинади (қ. Амир Темур мақбараси).

Амир Темур — буюк давлат асосчиси. У Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Бундан ташқари А. Т. давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шим.-ғарбда Қуйи Волга, Дон буйлари; шим.-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жан.-шарқда эса Шим. Ҳиндистонгача булган мамлакатлар буйсундирилди. Амир Темур давлатни ақл-заковот ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «… давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Тарих бу қўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг улардан фарқи шундаки, у умр буйи бунёдкорлик билан машғул булган. Унинг «Қай бир жойдан бир гишт олсам, ўрнига ун ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига унта кучат эктирдим» деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. Амир Темурга ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш билан нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур устаҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморату иншоотлар бино қилганлар. Амир Темур забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарлари (Бағдод, Дарбанд, Байлақон) ни қайта тиклади. А. Т. Табризда масжид, Шерозда сарой, Бағдодда Мадраса, Туркистонда машҳур шайх Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара қурдирган бўлсада, лекин асосий эътиборини она шаҳри Кеш ва пойтахти Самарқандга қаратди. Кешда отасининг қабри устига мақбара, ўғли Жаҳонгирга мақбара билан масжид қурдирди. Амир Темур ҳукмронлигининг илк даврида Кеш ш. ни пойтахтга айлантириш ниятида бўлиб, унинг ободончилигига катта аҳамият берди, бу ерда машҳур Оқсарой қад кўтарди. А. Т. Кешни Мовароуннаҳрнинг маданий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Шу боисдан бу шаҳар «Қуббат ул-илм вал-адаб» унвонига эга бўлди. Салтанат пойтахти Самарқанд Амир Темур даврида айниқса гуллаб яшнади. Шаҳарда Исфаҳон, Шероз, Ҳалаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш ш. ларининг меъмору бинокорлари қўли билан саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилади. Шаҳар ташқарисида эса боғ-роғлар ва бўстонлар барпо этилади (қ. Амир Темур боғлари). Хусусан Шоҳизинда меъморий мажмуасига мансуб Шодимулк оғо мақбараси, Ширинбека оғо мақбараси ва б. қурилади. Шаҳарда Бибихоним жоме масжиди, Амир Темурнинг қароргоҳи Кўксарой ва Бўстонсаройлар қад кўтаради. Умуман олганда Самарқанд ш. А. Т. даврида ўзининг қад. ўрни Афросиёбяан бирмунча жан. роқда бутунлай янгитдан қурилди. Шаҳар тевараги мустаҳкам қалъа девори билан ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан аталувчи 6 та дарвоза ўрнатилди. Мовароуннаҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан Зарафшон водийсида ўнлаб суғориш тармоқлари чиқарилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Янги қишлоқлар барпо этилди. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, А. Т. Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари б-н маслаҳатлашарди. Одатда у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказарди. Амир Темур саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва б. хизмат қиларди. Алишер Навоийга Амир Темурнинг илм ва маънавият ақлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: «Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва б. лавозимларда фойдаланарди». А. Т. даврида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо қилинади. Клавихо Самарқанд бозорларида буғдой ва гуручнинг мўллиги ва арзонлиги ҳақида гапириб, шаҳар ҳунармандчилиги маҳсулотларини — атлас, кимхоб, ҳар хил ип ва жун тўқима моллар, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик моллари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ҳамда бошқа молларнинг сероблигини ҳам таъкидлайдилар. Бу даврда Амир Темур ва унинг жой Султон Маҳмудхон асир олинган ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига йўналган асосий халқаро савдо йўли — «Буюк ипак йўли»ни назорат қилиб, савдо карвонлари қатнови хавфсизлигини таъминлашда, работлар, қалъалар, кўприклар қуриш йўлида муҳим чора-тадбирлар кўрдилар ва Шарқ билан Ғарб ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор бердилар. Амир Темур энг муҳими, Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги майда ҳукмдорлар ўртасидаги тарқоклик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётига, халқгар ва мамлакатларни бир-бири билан яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшди. А. Т. Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик киролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди.

Амир Темурнинг ҳарбий юришлари, жангу жадалларининг оқибатларига баҳо берилар экан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, унинг фаолияти қўйилган мақсад ва режалари жиҳатидан икки босқичга бўлинади. Биринчи босқич (1360 — 86) да А. Т. Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузиш йўлида курашди, Мовароуннаҳрни бирлаштиришдан манфаатдор бўлган маҳаллий зодагонлардан иборат ижтимоий кучлар (мулкдор деҳқонлар, ҳарбийлар, ҳунармандлар, савдогарлар ва руҳонийлар) ёрдамида тарқоқ мулкларни бирлаштириш учун кураш олиб борди. Амир Темурнинг бу даврдаги фаолияти Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиёти йўлида шубҳасиз улкан ижобий аҳамият касб этади. Мамлакатда тарқоқпик тугатилиб, марказлашган давлатнинг ташкил топиши ижобий оқибатларга олиб келди. Мамлакат и. ч. кучларини ва мўғулларнинг бир ярим асрлик ҳукмронлиги натижасида бўҳронга учраган иқгисодни тиклаш учун қулайроқ шароит вужудга келди. Айни ваqnда хўжаликнинг асоси бўлган деҳқончиликда муайян силжишлар рўй берди. Янги-янги ариқ (канал)лар қазилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайди. Ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдо ривожланди, фан ва маданият равнақ топиб, шаҳарлар ободлашди ва гавжумлашди. Амир Темур бирор мамлакатни тасарруфига олишдан аввал албатта ўша жой аҳолисига тинчлик йўлини таклиф этган, бу йўл инкор этилган ҳолдагина ҳарбий куч ишлатган.

Амир Темур ҳаётлиги чоғидаёқ салтанатни асосан тўрт қисм (улус)га бўлиб, ўғил, набираларига тақсимлаб берган: Хуросон, Журжон, Мозандарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жан. қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Афғонистон ва Шим. Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган. Амир Темур давлати ўзига хос тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда идора этилган (қ. Темурийлар давлати). Амир Темур асос солган бу давлат Хуросон ва Мовароуннаҳрда 16-а. бошигача мавжуд бўлиб, Шайбонийхон томонидан тугатилган.

Шўролар тузуми даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндошилиб, бир ёқлама баҳо берилиб келинди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бундай қарашларга барҳам берилди. Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ўз жойига қўйила бошланди. Ўзбекистонда унинг фаолиятини ўрганишга ва уни оммалаштиришга кенг йўл очилди. Унинг номи Ўзбекистонда абадийлаштирилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, жамоа хўжаликлари, мактаблар, кинотеатрлар ва б. унинг номи билан аталди. Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва б. шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), «Амир Темур» ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий фильм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди.

Манбалар ва ад.: Темур тузуклари, форсчадан Алихон Соғуний ва Ҳабибулло Кароматов таржимаси, Т., 1991; Ибн Арабшоҳ, Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур (Темур тарихида тақдир ажойиботлари), Т, 1992; Низомиддин Шомий, Зафарнома, Т, 1996; Шарафуддин Али Йаздий, Зафарнома, Т., 1997; Муҳаммаджонов А., Темур ва темурийлар салтанати (Тарихий очерк), Т., 1994; Аҳмедов Б., Соҳибқирон Темур (Ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти), Т., 1996; Темур ва Улуғбек даври тарихи, Т., 1996; Пугаченкова Г. А., Архитектурное наследие Темура, Т., 1996; Амир Темур жаҳон тарихида, Париж, 1996; Каримов И., Амир Темур давридаги бунёдкорлик ва ҳамкорлик руҳи бизга намуна бўлаверсин, Асарлар, 4-ж., Т., 1996; Каримов И., Халқимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаётдир; Азалий буюклик маекани; Соҳибқирон камолга етган юрт; Адолат ва қудрат тимсоли; Амир Темур — фахримиз, ғуруримиз, Асарлар, 5-ж., Т., 1997.

Биобиблиография: Ртвеладзе Э. В.,Сайд о в А. X., Амир Темур в зеркале мировой истории, Париж, 1996; Алимов Р. А., Соҳибқирон Амир Темур (Методик тавсиянома), Т., 1995.

Бўрибой Ахмедов, Абдулаҳад Муҳаммаджонов.

Loading...