АМИР (араб. — амр қилувчи, бошлиқ, ҳоким) — лашкарбоши, ҳоким, бек. Араб халифалигининг дастлабки халифалари ва умавийлар даврида алоҳида қўшин қўмондонлари Амир деб аталиб, улар одатда забт этилган вилоятларга ноиб этиб тайинланганлар. Халифаларга Умар ибн ал-Хаттобдан бошлаб «Амир ал-мўминин» («Мўминлар Амир и») унвони берилган. Аббосийлар даврида Амир одатда халифаларнинг олий ҳукмдор эканлигини тан олган ҳокимлар, шунингдек халифаликка номигагина қарам бўлган собиқ ноиблар (ағлабийлар, тулунийлар, тоҳирийлар) ёхуд қурол кучи б-н ўзлари давлат барпо этган мустақил ҳокимлар (саффорийлар, тазнавийлар, бувайҳийлар); уларни 10-а. да султонлар деб ҳам атай бошлашган. 10-а. охири — 11-а. бошида Амир деб турли табақага мансуб ҳокимлар ва лашкарбошилар (айюбийлар, мамлуклар давлатлари ва б. да) аталган. Ўрта асрларда Мовароуннаҳр хонликларида Амир ул-умаро, Амири шикор мансаблари мавжуд бўлган. Олтин Ўрда, сўнгра Мовароуннаҳр ва Эронда мўғуллар истилосидан сўнг Амир деб улуслар бошлиқлари аталган (бек ёки нўён маъносида). Бу унвонни Амир Темур ҳам олган; темурийлар сулоласига мансуб шаҳзодалар Амирзода (амир ўғли) деб аталиб, мирзо унинг қисқартирилган шаклидир. 18-а. охиридан эътиборан Бухоро хонлиги ҳукмдорлари ўзларини Амир деб атай бошлаганлар. Сафавийлар Эронида Амир — вилоят ҳокимлари (одатда қабила бошлиқлари, хонлар ва султонлар), Афғонистонда Амир унвонини баракзойлар сулоласи ҳукмдорлари Дўстмуҳаммадхондан бошлаб олганлар. 20-а. да монархик араб давлатларида (мас, Саудия Арабистонида) Амир — ҳукмрон сулоланинг валиаҳд шаҳзодалари.