АМИРИЙ

АМИРИЙ, Юсуф Амирий (15-а., Ҳирот) — шоир. Бойсунқур Мирзо ҳимоясида яшаган. Туркий ва форсийда ижод қилган. Алишер Навоий «турк эрди ва туркча шеъри яхши воқе бўлибтур» («Мажолис ун-нафоис») деб ёзса, Давлатшоҳ Самарқандий «Шоҳрух даврида катта шуҳрат қозонди» («Тазкират уш-шуаро») деб таърифлайди. Амирийнинг туркийдаги бир девони ҳамда «Даҳнома», «Чоғир ва Банг мунозараси» асарлари етиб келган. Форсийдаги асарларидан 2 байтгина маълум: бири «Мажолис ун-нафоис», иккинчиси Яқинийнинг «Ўқ ва ёй мунозараси»да сақланган. Девонига кирган шеърларида шоир ҳаёт ҳақида чуқур фалсафий фикр юритади, ишқ-муҳаббатни улуғлайди («Эй кўза…», «Телбаман», «Эй кўнгул» ва б.). «Чоғир ва Банг мунозараси» билан мунозара жанри имкониятларини бойитди. Убайд Законий таъсирида ёзилган бу асарда амалдорларнинг салбий ахлоқий-маънавий қиёфалари, хислатлари ҳажв қилинади, адоват, жоҳиллик, ўзаро қирғин урушлар қораланади. Амирий «Даҳнома» (1429) асари билан нома жанрини ривожлантирди. Бу девон нусхаси Туркияда, «Даҳнома», «Чоғир ва Банг…» нусхалари Британия музейида, фотонусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ва Қўлёзмалар интларида сақланади.

Ад:. Ўзбек адабиёти, 4 жилдли, 1-жилд, Т., 1959; Рустамов Э., Узбекская поэзия в первой пол. 15 в., М., 1963; Ўзбек адабиёти тарихи, 5 жилдли, 1-жилд, Т., 1977; Абдулвоҳидова М., Ўзбек адабиётида мунозара, Т., 1984.

Next Article

АММИАК