АММОН

АММОНИордания пойтахти. Мамлакатнинг шим.-ғарбида, Зарқа водийсида жойлашган. Аҳолиси 1,6 млн. киши (1998). Савдо, саноат ва маданият маркази. Транспорт йўллари тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Нефтни қайта ишлаш, цемент, тўқимачилик, тамаки, кўн-тери, озиқ-овқат (мева ва сабзавот консервалаш, сут з-длари, қандолатчилик ф-каси) саноати корхоналари бор. Туризм ривожланган. Унт, археология ва ислом музейлари бор. Шаҳар қадимда РаботАммон номи билан машҳур бўлган, юнонлар ва римликлар ҳукмронлиги даврида Филадельфия деб аталган. 7 — 9-а. ларда Араб халифалиги таркибига кирган. 10-а. да халифалик парчалангач, Миср ва Суриядаги турли давлатлар тасарруфида бўлган. 1516— 1918 й. ларда Туркия султонлиги таркибида. 1921 й. да Трансиордания амирлиги тузилгач, унинг пойтахти, 1946 й. дан мустақил Ҳошимийлар подшолигининг пойтахти. Шаҳарда мил. бошларига оид театр, ибодатхона бинолари харобалари, араблар даврида қурилган қалъа, 19-а. да бунёд этилган саройлар, Ал-Ҳусайн масжиди (1924) ва б. сақланган. Ҳоз. Аммонда 3—4 қаватли замонавий бинолар қурилган.

Loading...