АМНИСТИЯ

АМНИСТИЯ (юн. amnestia — кечириш, гуноҳидан ўтиш; амнистия) — олий давлат ҳокимияти органининг хусусий акти, айрим шахсларни жиноий жазодан озод қилиш, жиноят ишини бекор этиш ёки жазони енгиллатиш тўғрисидаги қарори. Амнистия жиноят ва б. ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларни жазодан тўла ёки қисман озод этиш, тайинланган жазо турини енгилроғи билан алмаштириш тўғрисида инсонпарварликни намойиш қилувчи фармойишдир. ЎзР Конституциясига кўра, ЎзР Президенти Амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ва ЎзР судлари томонидан ҳукм қилинган фуқароларни афв этиш ваколатига эга. Амнистия халқ ўртасида «умумий афв» деб ҳам юритилади. ЎзР мустақиллиги эълон қилинганидан бери ЎзР Президентининг Амнистия тўғрисидаги 11 та фармони эълон қилинган (2001 й. 1 янв. гача). Бу фармонлар халқаро ҳуқуқ нормаларида, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва б. қонунларида назарда тутилган инсонпарварлик тамойилларига изчиллик билан амал қилишнинг юксак намунасидир. Амнистияга асосан, жазодан озод қилинган шахслар такроран жиноят қилишдан ўзларини тийишлари лозим, чунки такроран содир қилган жинояти учун ҳукм этилган шахсларга нисбатан кейинчалик қабул қилинган Амнистия қўлланилмайди ва бу ҳолат ундай шахсни жазодан озод этишга монелик қилади.

Loading...