АМОРТИЗАЦИЯ АЖРАТМАЛАРИ

АМОРТИЗАЦИЯ АЖРАТМАЛАРИмаҳсулот таннархига киритиладиган асосий фондлар амортизацияси суммаси; асосий фондларни қисман тиклаш (капитал таъмир ва янгилаш) ва тўлиқ тиклаш (реновация) фондларини яратишга хизмат қилади. Амортизация ажратмалари меъёрлари асосий фондлар қийматига пропорционал ҳолда ҳисобланиши, яъни тахм. фойдаланиш муддатига текис тақсимланиши ёки камайиб борувчи баланс усулида — жадаллаштирилган тартибда ҳисобланиши мумкин. Жадаллаштирилган тартибда фойдаланишнинг биринчи йилида амортизация меъёри 2 марта оширилади, иккинчи йили қолдиқ қийматининг 20% ва шу тарзда ажратмалар назарда тутилади. Натижада асосий фондлар қийматининг қисми улар хизмат муддатининг ярмидаёқ амортизацияланади. Амортизация меъёрларининг пасайтирилиши асосий фондларнинг янгиланишини секинлаштиради, оширилган меъёрлар маҳсулот таннархини қимматлаштиради. Шу сабабли Амортизация ажратмалари нормативлари давлат томонидан тартибга солинади. Амортизация ажратмалари таъминлаши керак бўлган асосий шарт асосий фондлар эскиришини тўлиқ қоплаш ва уларни такрор яратишни таъминлашдир. Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда давлат Амортизация ажратмалари нормативларини белгилаб, жадаллаштирилган амортизация орқали тадбиркорларга солиққа тортиладиган фойда суммасини камайтиришга имконият яратиб беради. Айни пайтда асосий фондлар қийматини ҳисобдан чиқаришни тезлатиш тадбиркорни асосий фондларнинг маънавий эскириши билан боғлиқ эҳтимоли бўлган зарар кўришдан сақлайди, янги техника ва технологияни тезроқ жорий этишга рағбатлантиради.

Prev Article

АМОРИЙЛАР

Next Article

АМПУЛА