АМСТЕРДАМ — Нидерландия пойтахти. Амстел дарёсининг қуйилиш ерида жойлашган. Амстердам мамлакатнинг муҳим иқтисодий маркази, аҳолиси сонига кўра энг катта шаҳри, йирик денгиз порти (юк обороти 20 млн. т. дан ортиқ). Аҳолиси 724 минг киши (1994; шаҳар атрофи б-н 1 млн. дан зиёд). Схипхол аэропорти халқаро аҳамиятга эга, йирик т. й. тугуни. Метрополитен қурилган. Амстердам «Шимолий Венеция» деган ном билан ҳам машҳур. Амстел дарёси ва унинг тармоқлари ҳамда уларни туташтириб турган каналлар шаҳарни қисмларга бўлиб юборган. 400 дан ортиқ кўприк мавжуд. Шаҳарнинг қад. уйлари йирик қозиқлар устига қурилган. Шаҳар йилномаларда дастлаб 1275 й. да тилга олинган. 17-а. да савдо ва кредит беришнинг жаҳон аҳамиятига молик маркази бўлган. 1795—1806 й. ларда Батавия Республикасининг, кейинроқ Нидерландия Қироллигининг пойтахти.
Машинасозлик (кемасозлик, самолётсозлик, электрон асбоблар), нефтни қайта ишлаш, полиграфия, фармацевтика, кимё, озиқ-овқат, ёғочсозлик саноати корхоналари бор. Саноатининг кўп тармоқлари четдан келтирилган хом ашё асосида ишлайди. Амстердам олмосга сайқал бериш ва олмос билан савдо қилиш соҳасида йирик марказ сифатида қад. дан машҳур. Амстердамда Fapбий Европанинг энг муҳим молия ва банк муассасалари жойлашган, мам-лакат маданияти ва фанининг асосий маркази. Амстердамда IX Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтган (1928). 2 ун-т, ФА, бир қанча илмий тадқиқот ин-тлари, кўпдан-кўп тарихий ва меъморий ёдгорликлари, жумладан черков бинолари (13—17-а. лар), ўнлаб музей (Голландия тасвирий санъат мактаби асарлари тўпланган Давлат расмлар музейи, 1808), Рембранд уйи (1907 й. дан музей), Денгиз музейи, тарих музейи машҳур.