АМУ-БУХОРО МАШИНА КАНАЛИ

АМУ-БУХОРО МАШИНА КАНАЛИБухоро вилоятидаги суғориш канали. Амударёнинг ўнг қирғоғидан, Чоржўй ш. (Туркменистан) дан 12 км юқорида бошланади. Қизилқумдан ўтиб Бухоро воҳасига сув беради. 1-навбати 1965 й. да, 2-навбати 1976 й. да қурилган. Умумий уз. 400 км. Сувни макси-мал кўтариш бал. 111м, максимал сув ўтказиш имконияти 270 м3/с А.-Б. м. к. нинг 1-навбати ишга туширилгач, Бухоро вилоятида бошқа манбалардан суғориб келинган 136,5 минг га ерни Амударё суви б-н суғориш мумкин бўлди, Амударё ҳавзасидаги 377 минг га ернинг сув билан таъминланишини яхшилаш, 23,8 минг га янги ерларни сугориш имкони тугилди. Магистрал каналда 65 гидротехника иншооти, 11 насос ст-яси (жумладан сувни 54 м баландликка кўтариб берадиган, ҳар бирининг қуввати 12,5 минг кВт бўлган 10 насос агрегатли Ҳамза-2 насос стяси) бор. А.-Б. м. к. нинг насос ст-ялари, уларнинг умумий жойланиши, айрим насос агрегатларнинг қув-вати, шунингдек насосларнинг автоматика ва телемеханика воситалари билан жиҳозланиши жиҳатидан мамлакат ирригация тажрибасида ноёб ҳисобланади. Биринчи марта Бухоро вилоятида насос ст-ясининг олд камерасида белгиланган сув сатҳини доимо бир хилда сақлаб турадиган автоматик там-ба (затвор) қўлланилди. 152км да уч йўналишда сув тақсимлагич қурилди: чапда — А.-Б. м. к. нинг 1-навбати учун (сув сарфи 60,3 м3/с), ўнгда — А.-Б. м. к. нинг 2-навбати учун (сув сарфи 95,8 м3/с) ва ўртада ростлагич – Тўдакўл шўрини ювиш ҳамда келажакда уни тўлдириш учун сув беради. А.Б. м. к. нинг 2-навбати тугайдиган 191-км да Қизилтепа насос ст-яси қурилди. У А.-Б. м. к. нинг 2-навбатидан Зарафшон дарёсига сув узатадиган иккинчи погона ҳисобланади. Қизилтепа насос стясининг юқори бьефида сув сатҳини таъминлаш учун Тўдакўл ботиғига сув ташлайдиган иншоот қурилган. А.Б. м. к. 2-навбатининг ишга туширилиши 15,5 минг га янги ерларни ўзлаштириш, Амударё суви билан Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятларидаги 77 минг га суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш имконини яратди.

Шариф Ҳамдамов.