АМУДАРЁ БЎЛИМИ — Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги маъмурий-ҳудудий бирлик (1873—1917). Рус подшо ҳукумати Хива хонлигини бўйсундиргач (1873), Амударёнинг сўл қирғоғида яшовчи қорақалпоқлар хонлик таркибида қолди, ўнг қирғоғидагилар эса рус давлатига тобе қилинди. Бу жойда 1873 й. да Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида Амударё округи, 1874й. дан Амударё бўлими ташкил этидди. 1886 й. га келиб, Амударё бўлими Сирдарё вилоятига киритилди. Бўлим ҳудудида 95 минг қорақалпоқ, 55 минг ўзбек, 40 минг қозоқ ва 16 минг туркман истиқомат қилган. Амударё бўлими Шўрохон ва Чимбой деган икки қисмдан иборат бўлиб, Бийбозор, Тўрткўл, Томди, Шайх Аббос Вали, Мингбулоқ, Сорибой, Чимбой, Нукус, Давқарон, Ишим, Наупир, Кўккўл, Қўнғирот, Толди ва Кегайли (бўлис)ларни ўз ичига олган.