АМУДАРЁ ТУМАНИ

АМУДАРЁ ТУМАНИҚорақалпоғистон Республикаси таркибидаги туман. 1957 й. 18 дек. да ташкил этилган. Амударё тумани шим. да Нукус тумани, шарқда Хоразм вилоятининг Гурлан тумани, жан. ҳамда ғарбда Туркманистоннинг Губадоғ тумани билан чегарадош. Майд. 1,02 минг км2. Аҳолиси 126,1 минг кишидан зиёд (1999). Амударё туманида 1 шаҳар (Манғит), 1 шаҳарча (Жумуртов), 10 овул фуқаролари йиғини (Бобур, Дўрмон, Қуюққўпир, Назархон, Хитой, Чойкўл, Ўрта-қалъа, Қангли, Қиличбой, Қипчоқ) бор. Маркази — Манғит ш.

Табиати. Ат. рельефи, асосан, текисликдан иборат. Амударёнинг чап соҳили бўйлаб Жумуртов тизмаси жойлашган. Иқлими кескин континентал. Янв. нинг ўртача т-раси — 16, — 2Г, июлники 27 — 32°. Йилига ўртача 100 — 110 мм ёғин тушади. Амударё туманида Қипчоқарна, Манғитарна, Қиличниёзбойарна каналлари, Қоракўлёп, Боғёп, Сеитёп, Оқолтин, Алиэлиёп, Эшонёп, Шўрёп, Ҳалимбегёп, Ушинёп, Қумёп, Чатли-ёп, Қизилёп, Кулотёп, Чурчиёп, Қирқарқанёп, Хоразмёп, Қуйи Тувлигаёп, Жумурёп, Олтинёп, Тошёп, Алимбойёп, Қорақалпоқёп, Бўзсув ариклари бор. Бу канал ва ариқлар барча хўжалик ерларини сув билан таъминлайди. Ерларни шўрланиш ва ботқоқланишдан сақлаш мақсадида коллекторлар қурилган. Туман ҳудудидаги Шаҳарсафо, Орқакўл, Қорачўтал, Чойкўл, Тузлоқ, Тожиқалкўл, Байтукўл, Узункўл, Саричнугулкўл, Оқсейтбобо ва Отажон кўлларида балиқ, ўрдак ва б. қушлар кўп. Кўллардаги қамиш ва якандан қурилиш материали сифатида фойдаланилади. Туман ҳудуди, асосан, соз ва қумлоқ тупроқли бўлиб, тол, терак, тут, гужум, қараған, туранғил, оқбош, янтоқ, ажриқ, печак, шўра, кдмиш, чирмовуқ, семизўт, якан, отқулоқ ва б. ўсади. Қобон, шакал, бури, кемирувчилардан сичқон, каламуш, қушлардан қирғовул, ўрдак, ғоз, қарға, зоғча, чумчуқ, кўкқўтон, каптар, қумри, кўккарға, сариқ чумчуқ, тўрғай ва б. яшайди.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғиз, рус, татар, корейс, тожик ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га ўртача 132 киши тўғри келади. Шаҳарликлар 30,6 минг киши, қишлоқ аҳолиси 95,5 минг киши.

Хўжалиги кўп тармоқли. Саноат корхоналаридан Манғит пахта тозалаш, ғишт з-длари, маиший хизмат к-ти, Манғит ип-йигирув ва тикувчилик к-тлари, Қорақалпоғистонда энг йирик хўжаликлараро қурилиш бошқармаси ва 3 тузатиш-қурилиш ташкилотлари ва йирик қурилиш ташкилотлари бор. Амударё тумани Тахиатош ГРЭС ва Манғит ГЭС энергиясидан фойдаланади. Туманда 323 кичик корхона ва 27 ҳиссадорлик жамияти мавжуд.

Қ. х. нинг асосий тармоқлари пахтачилик, пиллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачиликдир. Қ. х. да суғориладиган ерлар 39,1 минг га, экинзорлар 36 минг га, шу жумладан 21 минг га ерга пахта, 1,5 минг га ерга сабзавот, 2,8 минг га ерга беда, 1,5 минг га ерга шоли, 2,4 минг га ерга маккажўхори экилади. Амударё туманида 18 жамоа хўжалиги, деҳқон-фермер ва ширкатлар уюшмаси, 296 деҳқон-фермер хўжалиги ва б. хўжаликлар бор (1997). Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 46,2 минг қорамол, 4,7 минг қўй ва эчки, 77 минг парранда бор (1997). 1996/97 ўқув йилида 83 умумий таълим мактабида 33,6 минг ўқувчи, 1 лицейда қарийб 400 ўқувчи таълим олди. 52 оммавий ва болалар кутубхонаси, 21 клуб, 36 киноқурилма, 3 маданият уйи, 710 ўринли 6 касалхона ва диспансер, 6 амбулатория, 55 фельдшерлик пункти бўлиб, уларда 327 врач, 1077 ўрта маълумотли тиббий ходим ишлайди. «Амударё ҳақиқати» туман газ. 1934 й. дан чиқади (адади 3000).

Prev Article

АМУДАРЁ