АМУДАРЁ

АМУДАРЁТуркистон ўлкасидаги энг серсув, йирик дарё. А. ни юнон ва римликлар Оксус ёки Оксос, араблар Жайхун, ерли халқлар дастлаб Ўкуз, Балх, Вахш, сўнгра Амул деб атаганлар. Амударё қуйи ва ўрта тўртламчи даврда Қорақум орқали ўтиб, Каспий денгизига қуйилган, тоғлардан сув оқими билан келтирилган оқизиқларнинг ётқизилиши натижасида қумлар таркиб топган. Бу ҳақда Абу Райҳон Беруний «Амударё тарихи» асарида ёзиб қолдирган. Юқори тўртламчи даврда Амударё ҳоз. ўзани бўйичаоққан. Мил. ав. 10-мингйилликдан 2-минг йилликкача Хоразм ботиғини ва қисман Сариқамиш ботиғини тўлдирган. Оқимининг бир қисми жан. га оқиб, ҳоз. Ўзбўй ўзанини вужудга келтирган ва Каспий денгизига қуйилган. Шу даврда Сариқамиш бўйи дельтаси таркиб топган.

Мил. ав. 3-ва 2-минг йилликлар орасида Амударё ҳоз. Туямўйин қисиғидан шим. га Оқчадарё ўзанида оқиб Орол денгизига унинг жан.-шарқидан қуйилган ва Оқчадарё дельтаси таркиб топган. Мил. ав. 2 – ва 1-минг йилликларда Амударё ҳоз. йўналишда, яъни Орол денгизига жан. дан қуйила бошлаган. Мил. ав. 1-минг йилликнинг ўртасида ҳоз. Орол бўйи Амударё дельтаси (Орол бўйи дельтаси) вужудга кела бошлаган. Ўша вақтдан А. Орол денгизига қуйилмоқда. Баъзан оқимининг бир қисми Сариқамиш кўлига ҳам бориб турган. 13-а. да мўғул босқинчиларининг Хоразм давлатига ҳужуми вақти (1220) да Амударёнинг чап қир-ғоғидаги дамба ва тўғонлар бузиб ташланган, натижада Амударё суви яна Довдан ва Дарёлиқ қуруқ ўзанлари орқали Сариқамиш ботиғига оққан. Кейинроқ тўғон ва дамбалар тиклангач, Амударё яна аввалги ўзани орқали Орол денгизига қуйила бошлаган. 14-а. да ўзаро урушлар сабабли қирғоғидаги иншоотлар бузилган, сув яна Сариқамишга оққан, Ўзбўй ўзанида сув ҳатто Каспий денгизига йўналган. 17-а. бошида Амударёнинг чап қирғоғидаги тўсиқлар яна қайта тикланиши билан сув эски ўзани орқали оқа бошлаб, 18—19-а. ларда баъзан оқимнинг бир қисми Сариқамишга оққанлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Амударё юқори қисмида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Афғонистон б-н чегарасидан оқади. Амударёнинг уз. 2540 км (Ваҳжир — Воҳондарё билан бирга), ҳавзасининг майд. қарийб 465 минг км2, шундан 227,3 минг км2 сув тўплайдиган тоғли қисмига тўғри келади. А. Афғонистонда Ҳиндукуш тоғларининг шим. ён бағридан 4950 м баландликдаги музликдан бошланади; Воҳондарё Помирдаги Зўркўлдан чиқиб келадиган Помир дарёси билан қўшилгандан кейин Панж деб аталади. Панжга ўнгдан Ғунт, Бартанг, Язғулом, Ванж, Қизилсув ирмоклари келиб қўшилади, ниҳоят, энг йирик ва серсув ирмоғи — Вахш дарёси қўшилгандан сўнг Амударё номини олади; бу қисмида унга яна чапдан Қундуздарё, ўнгдан Кофарнихон, Сурхондарё қўшилади. Шерободдарё суви эса Амударёга аҳён-аҳёнда етиб боради, ундан ғарбдаги Кўҳитангдарё суви ҳам йўл-йўлакай суғоришга сарф бўлади. Сурхондарё қуйилгандан кейин Амударёга то Орол денгизига етгунча 1200 км дан зиёд масофада бошқа ирмоқ қўшилмайди. Зарафшон билан Қашқадарё эса Амударёнинг қад. ирмоқлари бўлиб, уларнинг суви бутунлай суғоришга сарфланади.

Амударёнинг асосий сув режими унинг юқори, тоғли қисмида шаклланади. Бу жойда Амударё тор, баъзан чуқур ва нишаби катта ўзандан оқади. Ўзан ўрта ҳисобда ҳар бир км га 4 м дан (айрим жойларда эса 10 м дан ҳам кўп) пасайиб боради. Шу туфайли дарё жуда тез оқади, оқимнинг тезлиги 4—6 м3/сек. Дарё водийси ҳам тор, у Помир тоғ системасига кирувчи тик кўтарилган қояли тоғларни айланиб ўтади. Тоғ ораларидан жўшқин ирмоқлар келиб қўшилади. Водий эни 3—4 км дан ошмайди, баъзи жойлардагина учрайдиган қайирлар кўпинча тўқайзор. Қизил-сув, Вахш, Кофарниҳон, Сурхондарё қуйиладиган жойларда дарё водийси кенгайган ва бу ерларда оқинди жинслардан таркиб топган террасаларда деҳқончилик қилинади, баъзан террасалар қалин тўқайзорлардан иборат.

А. Сурхондарё қўшилгандан сўнг те-кисликдан оқа бошлайди ва тахм. Каркидан Питнаккача бўлган оралиқни дарёнинг ўрта оқими деб ҳисоблаш мумкин. Дарё текисликка чиққач, Қорақум ва Қизилқум чўлларидан ўтиб, Орол денгизига қуйилади. Ўрта қисмида ўзаннинг ўртача кенглиги 1500 м. Дарёнинг текисликдан оқувчи қисмида нишаби кам (ҳар бир км га 0,2—0,3 м). Дарё оқимининг тезлиги катталигидан (2—3 м/сек) ўзан ва қирғоқларини муттасил емиради, шу сабабли ўзан доимо ўзгариб туради. Амударёнинг ўрта ва қуйи оқимида, айниқса, Хоразм воҳаси ва Қорақалпоғистонда (Урганч, Элликқалъа) қирғоқларнинг ўпирилиш ҳодисаси — дейгиш кузатилади. Кейинги даврда дарё ўзанининг ювилиши ҳам кузатилмоқда. 1990-й. лардан Амударё қуйи оқими Туямўйин сув омбори орқали бошқарилгач, бу ерларда дейгиш ҳодисасининг таъсири бир оз пасайди.

Қишда дарёнинг юқори оқимида асосан қирғоққа яқин жойлари музлаб, шовуш ҳосил бўлади ва қисқа муддат муз оқади, Карки ш. яқинида қиш қаттиқ келган йиллари эса 10—15 кун давомида дарё ёппасига музлайди. Чоржўй ш. ва ундан қуйида дарёнинг ёппасига музлаши ундан ҳам узоқрокдавом этади. Нукус ш. дан куйида эса дарё деярли тўрт ой давомида бутунлай музлайди. Эрта баҳорда айниқса, ўзан кескин бурилган ва тор жойларда муз тиқилиб сув сатҳи кескин кўтарилади ва баъзан тошкинга сабаб бўлади.

Текисликда Амударё водийсининг эни 10 — 15 км бўлиб, айрим жойларда 20—25 км га етади. Водий кенгайган жойда учта терраса вужудга келган. Дарёнинг паст тоғлар орасидан ўтган жойларида водийнинг эни 350—380 м дан ошмайди. Питнак яқинида Туямўйин, ўрта оқимида Дулдулҳатлаган ва Элжик қисиклари бор. Текислик қисмида дарёнинг ҳар иккала соҳилида кумгилдан таркиб топган, эни 2—3 км келадиган кайирлар учрайди.

Амударёнинг куйи оқими Питнак яқинидаги Туямўйин қисиғидан то Орол денгизига қадар боради, қуйи оқимининг уз. 500 км, шундан 325 км Нукус билан Орол денгизи оралиғига — дарёнинг ҳоз. дельтасига тўғри келади (қ. Амударё дельтаси).

Амударё серсув дарё, музлик ва корлардан сув олади, ҳавзасида 1000 га яқин музлик (шу жумладан, Ер куррасидаги энг катта тоғ-водий музлигиФедченко музлиги) бор. Сув йиғиш ҳавзасида катта майдонларни қор далалари эгаллаган.

Амударёда энг кўп сув оқими июнь — июлда, энг кам оқим дек. — мартда содир бўлади. Қиш мавсумида фақат грунт ва зовур сувлари ҳисобига тўйинади. Энг кўп сув окими Карки ш. яқинида 9180 м3/сек (98,7 км3, 1969), энг кам сув окими ўша жойда 465 м3/сек (1930) қайд этилган. Ўртача кўп йиллик (1926—73 й. лар) сув оқими Карки ш. яқинида 68,1 км3 га тенг. Дарёнинг тўлинсув (41 км3) даври май — июлда юз беради; апр. — сент. да оқим 12 км3, куз ва қишда оқим бирмунча текисроқ тақсимланади, новегетация даврида оқим 15 км3 (ёки бутун окимнинг 22%)ни ташкил қилади. Амударёда окимнинг миқдори Орол ҳавзасида ҳаво массаларининг регионал циркуляция характерига боғлиқ, ёғин ҳар 4—5 йилда камроқ тушиб, ҳар 6—10 йилда кўпроқ бўлиши аниқланган. Амударё ҳавзасида энг сўнгги сув тақчиллиги даври 1995 й. дан бошланди ва 2002 й. гача давом этиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.

60-й. лардан сув хўжалиги ва суғориш ишларининг жадал ривожланиши натижасида Амударё оқими тартиби ва миқдори кескин ўзгара бошлади. Mac, 60-й. ларгача ўртача йиллик оқим миқдори Карки ш. ёнида 2080 м3/сек, қуйи оқими (Чатли)да эса 1500 м3/сек ни ташкил этган. 80-й. ларда улардаги сув сарфлари Карки ш. ёнида 1850 м3/сек ва Чатлида 170 м3/ сек га тенг бўлди. Амударёнинг Орол денгизига куйилишига яқин қисмида жойлашган Қизилжар кузатув манзилида ундан ҳам кам (160 м3/сек) сув миқдори кайд этилган. 90-й. ларнинг 1-ярмида Орол денгизини қутқариш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида Амударё дельтасига келаётган сув миқдори 1995 й. гача бирмунча ортди (йилига баъзан 24,2 км3 гача).

Амударё суви табиий ҳолатда (60-й. ларгача) апр. — авг. да кўпайган. Лекин кўплаб йирик сув омборлари (Норак, Туямўйин ва б.) қурилиши дарё сувининг маълум даражада камайишига олиб келди.

60-й. ларгача Амударё суви ниҳоятда лойқа, ўрта ҳисобда ҳар бир м3 сувда 3740 г оқизик бўлган; ўртача йиллик оқизиқлар миқдори Карки ёнида 210 млн. т, дельтада эса 100 млн. т га етган. Улар суғориш тизимлари ва далаларда чўкиб қолган. Амударёнинг оқизиқларида ўсимликлар учун озиқ бўлган оҳак, калий, фосфор каби минерал моддалар бор. Йирик сув омборлари қурилиши натижасида дарё сувининг лойкалиги кескин камайди. 80-й. ларнинг 2-ярми — 90-й. ларнинг бошларида лойқа миқдори йилига Карки ёнида 90 млн. т га, қуйи i оқими (Чатли) да эса 18 млн. т бўлди. Амударёнинг сув режими антропоген омиллар таъсирида ўзгармаган даврида дарё ҳар йили денгизга қарийб 18 млн. т туз келтирган. Ҳоз. кунда бу миқдор кескин камайди, лекин умумий оким миқдорининг камайиши ҳисобига дарё сувининг минераллашув даражаси анча ортди.

Амударё ҳавзасидаги воҳалардан зовур ташламалари (йилига ўртача 20 км3) нинг қарийб ярми дарёга оқизилиши сув шўрлигининг ортишига сабаб бўлмоқда. Сурхондарё Амударёга қуйилгандан сўнг сувнинг минераллашув даражаси ўртача 0,4—0,6 г/л га, Туямўйин гидроузелидан сўнг 1,0—1,2 г/л, Чатли — Темирбой оралиғида эса 1,4—2,5 г/л га ортиб бормоқда. Дарё сувининг минераллашув даражаси март — апр. да зовур сувлари ҳисобига юқори бўлади, езда эса қор ва музликларнинг эриши билан кескин камаяди. Амударё ўзанига минераллашган сув асосан Қарши воҳаси (7,7 г/л), дарёнинг Туркманистон соҳилидаги суғориладиган ерлардан (3,5 г/л), Бухоро воҳасидан (3,5 г/л) тушади. Амударёга тушаётган зовур ва корхоналар оқова сувларида сульфат ва хлор, магний, натрий тузларининг салмоғи анча ортган. Тадқиқот натижаларига кўра А. суви таркибида азот нитрати, нефть маҳсулотлари, фенол, мис, рух, пестицидларнинг миқдори рухсат этилган меъёр (РЭМ) дан бир неча (2—5) баравар кўплиги аниқланди. Ифлосланган сув Амударёнинг Термиздан Орол денгизигача бўлган қисмига тўғри келади. Сувнинг ифлосланганлиги Зарафшон, Қашқадарё, Қуйи Амударё воҳаларидаги аҳоли орасида 70-й. лардан бошлаб турли касалликларнинг тарқалишига, чорва молларининг нобуд бўлишига олиб келмоқда. Туямўйин сув омборидан олинган сув пестицид, кимёвий моддалардан тозаланиб, минераллашув даражаси 0,6 — 0,8 г/л гача камайтирилгач, Нукус, Урганч, Тошҳовуз ш. ларига қувурлар ор-қали узатилмоқда.

Амударё сувининг тозалигини муҳофаза қилиш учун дарёнинг ўнг соҳили бўйлаб махсус ташлама — Шўрдарё қурилиши лойиҳаланган. Лойиҳада Сурхондарё, Қарши, Бухоро, Қорақалпоғистон ва б. воҳаларнинг зовур сувларини ташлама орқали Орол денгизига оқизиш мўлжалланган. Шўрдарёни қазиш Бухоро вилоятида бошланди.

Амударёнинг суғоришда аҳамияти жуда катта. Чоржўй ва Хоразм воҳаларида ерлар қадимдан суғорилиб, деҳқончилик қилиб келинади. Амударёнинг сув захираларидан кенг миқёсда фойдаланиш 80-й. лардан авж олиб кетди. Амударёнинг юқори қисмида Вахш, Кофарниҳон, Сурхондарё каби ирмоқларидан каналлар чиқарилиб, Тожикистон ва Ўзбекистонда янги ерлар ўзлаштирилди. Амударёнинг ўрта оқимида 1954 й. да Қорақум канали қурилиши бошланди. Бухоро ерларини Амударё суви билан сугориш учун Аму-Қоракўл канали, Аму-Бухоро машина канали, Қарши магистрал канали қурилди.

Амударё қуйи қисмида Тошсоқа, Шовот, Қиличниёзбой, Қипчоқ-Бўзсув, Суэнли, Пахтаарна, Қизкеткен, Кегейли, Қувонишжарма ирригация тизимларининг таъмирланиши натижасида айни вақтда Тахиатош гидроузели (1974) ва Туямўйин гидроузели (1978) қуриб битказилди, дарёдан каналларга сув олиш ҳажми кўпайди.

Ҳоз. кунда Амударёнинг эски ўзанлари изидан Дарёлиқ ва Кўлли ташламалари ишга туширилган. Хоразм воҳасидан ер ости шўр сувлари Сариқамиш кўлига шу ташламалардан оқизилмоқда. Таш-ламалар орқали Сариқамиш ботиғига йилига 4,5—5,0 км3 сув ташланмоқда. Амударёнинг қуйи қисмида 60-й. ларда ҳар бирининг узунлиги қарийб 100 км бўлган бир неча йирик коллектор-зовур тармоқлари қурилди. Уларнинг ўртача йиллик сув сарфи қарийб 5 — 20 м/сек чамасида бўлиб, кўпчилиги сувини Орол денгизининг қуриб қолган қисмига қуймоқда.

Амударё ҳавзасида сув тақчиллигининг кучайиши билан сув захирасидан оқилона фойдаланиш муаммоси тобора кескин лаша бошлади. Амударёнинг сув оқимини фақат мавсумлараро тартибга солишдан ташқари кўп йиллик сув оқимини ҳам тартибга солиш зарур бўлди. Бунинг учун Амударё ҳавзасининг тоғли қисмида Вахш дарёсида Норак сув омбори (тўлиқсув ҳажми 10,5 км3, фойдали сув сиғими 4,5 км3) ишга туширилди. Лойиҳаланган Роғун сув омбори (тўлиқ сув ҳажми 14 км3, фойдали сув сиғими 8,7 км3) ва б. қурилиши дарё сувининг кўп йиллик сув оқимини тартибга солишга имкон беради.

1992 й. да Амударё ва Сирдарё сув ресурсларини Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасида барча имкониятларни тўғри ҳисобга олган ҳолда тақсимланиши учун Амударё (Урганч ш. да) ва Сирдарё (Тошкент ш. да) ҳавза сув хўжалиги бошқармалари ташкил қилинди. Бошқармалар йил бошида мазкур ҳавзаларда жойлашган мамлакатларнинг сувга бўлган талабини эътиборга олган ҳолда мавжуд сув бойликларини ўзаро тақсимлайди (чунки ҳар йили ҳавзаларда турли миқдорда сув ресурслари вужудга келади). Ўрта Осиё давлатлари ва Қозоғистон сув хўжалигини мувофиқлаштириш давлатлараро комиссияси ҳам Амударёдан фойдаланиш билан шуғулланади.

Амударё ҳавзаси улкан гидроэнергетика ресурсларига эга. Жами гидроэнергетика ресурслари 63,2 млн. кВт ни ташкил қилади. Ҳавза бўйича мазкур гидроэнергетика ресурсларининг 29,8% Панж, 38% Вахш, 5,6% Кофарниҳон, 3,0% Сурхондарё, 1,0% Қашқадарё, 5,4% Зарафшон, 17,1% А. ҳавзаларига тўғри келади. Ҳозиргача Амударё ҳавзасидаги гидроэнергетика ресурсларининг фақат 2% дан зиёдроқ қисми амадда фойдаланилмоқда. Ишга туширилган гидроиншоотларнинг энг каттаси Вахш дарёсининг Пулисангин дарасида қурилган Норак сув омбори ва ГЭСдир. 60-й. ларгача Амударёда сув транспорти кенг йўлга қўйилган эди. Лекин, кейинги йилларда Чоржўй — Қўнғирот т. й. ни қуриш ҳамда автомобиль йўллари тармоқларининг ривожланиши, айни вақтда дарёнинг саёзланиши натижасида умумий юк ташишда Амударё сув транспортининг ҳиссаси кескин камайиб кетди.