АМУНДСЕН

АМУНДСЕН Руаль (1872.16.7 – 1928) — норвег қутб сайёҳи. Биринчи марта 1903 — 06 й. ларда «Йоа» кемасида Шим.-ғарбий денгиз йўли орқали Гренландиядан Аляскага ўтди. Канада Арктикасидаги Кинг-Вильям о. да икки йил давомида муҳим геомагнит кузатишлар ўтказди. Амундсен 1904 й. Бутия-Феликс я. о. да Шим. магнит қутбини текширди ва шу атрофдаги 100 га яқин оролларни биринчи бўлиб харитага туширди. 1911 й. «Фрам» кемасида Антарктикага экспедиция уюштирди. Ўша йили 14 декда тарихда биринчи бўлиб (Р. Скоттдан бир ой олдин) Жан. қутбга етиб борди ва у ердан қайтишда Қиролича Мод тоғ тизмасини (бал. 4500 м) кашф этди. Амундсен 1926 й. 12 — 13 майда биринчи марта Арктика устидан «Норвегия» дирижаблида Шпицберген — Шим. қутб — Аляска маршрута бўйича учиб ўтди. 1928 й. да Умберто Нобиле экспедицияси ҳалокатга учрагач, Амундсен экспедициячиларга ёрдам кўрсатиш учун 18 июнда гидросамолётда учиб бораётганда у ҳам Баренц денгизида ҳалокатга учраб бедарак йўқолган. Амундсен ўз саёҳатлари ҳақида бир неча асар ёзган. Амундсеннинг рус тилида: «Муз океани устидан учиб ўтиш» (Л., 1927, Л. Эльсворт билан биргаликда ёзилган), «Мод» кемасида Осиёнинг шимолий соҳили бўйлаб экспедиция (1929), «Жанубий қутб» (1937), беш жилдли асарлар тўплами (Л., 1936 — 39), «Менинг ҳаётим» (М., 1959) ва б. асарлари босилиб чиққан. Антарктида яқинидаги бир денгиз ва Америка қутб ст-яси (АмундсенСкотт) ҳамда тоғ тизмаси, қўлтиқ, сув ости сойлиги (Шим. Муз океанида) Амундсен номига қўйилган.

Ад.: Дьяконов М., Амундсен, М., 1937; Яковлев А., Руаль Амундсен, М., 1948.

Prev Article

АМУДАРЁ

Next Article

АМУРСАНА