АМУР

АМУР — Шарқий Осиёдаги дарё, Шилка ва Аргунь дарёлари қўшилишидан ҳосил бўлади. Амур Амур лимани ва Сахалин қўлтиғи орқали Охота денгизига қуйилади. Уз. 2824 км, Аргун ирмоғи бошидан эса 4440 км. Ҳавзасининг майд. 1855 км2. А. юқори оқимида баланд тоғлар орасидан, ўрта ва қуйи оқимида эса пасттекисликлардан ўтади. Амурга 10600 катта-кичик сой ва 61400 га яқин кўл қўшилади. Амур асосан ёзги-кузги муссон ёмғирларидан сув олади. Ёзги муссон ёмғирлари даврида дарё тўлиб оқади, баъзан тошади. Асосий ирмоқлари: Зея, Бурея, Амгунь (чапдан), Сўнгари, Уссури (ўнгдан). Ўртача сув сарфи Богородское қишлоғида 10900 м3/сек (максимали 40000 м3/сек, минимали 611 м3/сек). Амур нояб. бошидан май бошигача музлайди. Энг катта сув тошқинлари 1897, 1928 ва 1956 й. ларда бўлган. Амур ирмоқлари билан Узоқ Шаркдаги энг катта транспорт магистрали ҳисобланади. Амурда кема қатнайди. Амурда 100 га яқин балиқ тури бор, улардан 20 тури эндемик. Асосий овланадиган балиқ турлари: амур осётри, белуга, таймен, оқ амур, сазан, лаққа балиқ, олабуға ва б.

Loading...