АМУР ВИЛОЯТИ

АМУР ВИЛОЯТИ — РФ таркибидаги вилоят. 1932 и. 20 окт. да Хабаровск ўлкаси таркибида ташкил этилган. 1948 й. 2 авг. дан алоҳида Амур вилояти Майд. 363,7 минг км2. Аҳолиси 1063 минг киши (1993), асосан руслар, украинлар; шунингдек белоруслар, эвенклар, якутлар яшайди. Шаҳарликлар 68%. А. в. да 10 шаҳар, 33 шаҳарча бор. Маркази — Благовешченск ш. А. в. Амур дарёси ҳавзасида. Шим. да Становой тизмаси (энг баланд нуқтаси 2312 м) билан ўралган. Тукурингра, Жугдир, Турана, Жагди тизмалари, Юқори Зея, Зея-Бурея текисликлари ва АмурЗея платоси бор. Олтин, темир рудаси, кумир, каолин, оҳактош, кварц қумлари конлари, минерал булоклар мавжуд. Амур вилояти иқлими кескин континентал. Муссон таъсири остида. Янв. нинг ўртача т-раси — 24° дан — 33° гача, июлники 18 — 21°. Йилига ўртача 450 — 800 мм ёгин тушади. Энг катта дарёлари: Амур, унинг ирмоқлари — Зея, Бурея. Тупроги асосан қўнғир ўрмон тупроги, бир қисми подзоллашган, жан. да қорамтир тупрокдар. Амур вилояти ҳудудининг 65% ўрмон. Амур вилояти ҳудудида Зея ва Хинган қўриқхоналари жойлашган. Кон қазиш (олтин, кўмир), ўрмон, ёғочсозлик, электротехника, машинасозлик, озиқ-овқат саноати тармоқлари бор. Зея ГЭС ишлаб турибди. Бурея ГЭС қурилмоқда (1993).

Амур вилояти — Узоқ Шарқнинг энг йирик қ. х. райони. Ғалла экинлари (буғдой, сули, арпа), соя, картошка, сабзавот етиштирилади. Гўшт-сут чорвачилиги, асаларичилик, бугучилик, даррандачилик ривожланган. Овчилик билан шуғулланилади. Ҳудудидан Транссибирь т. й. ва Байкал — Амур т. й. магистрали ўтади. Амур, Зея, Бурея дарёларида кема қатнайди.

Prev Article

АМУДАРЁ