АНАДОЛУ (АНАТОЛИЯ) ЯССИТОҒЛИГИ

АНАДОЛУ (АНАТОЛИЯ) ЯССИТОҒЛИГИ — Туркиядаги ясситоғлик. Кичик Осиё тоғлигининг ички қисми. Уз. (шарқдан ғарбга) 700 км, эни (шим. дан жан. га) 400 км. Шим. дан Понтия, жан. дан Тавр тоғлари ўраб туради. Ясситоғлик бир қанча текислик ҳамда берк ботиқлардан иборат, уларни тоғ тизмалари бир-биридан ажратиб туради. Кўп қисмининг мутлақ бал. 800 — 1500 м. Энг баланд ери — Эржиёс сўнган вулкани (3700 м). Дашт ва чала чўлдан иборат. Иқлими қуруқ субтропик, континентал. Энг кўп тарқалган табиий ўсимлиги — тиканакли пастак ёстиқсимон бута. Воҳа деҳқончилиги ва чорвачилик ривожланган.