АНАЛЬГЕТИКЛАР

АНАЛЬГЕТИКЛАР (анальгетик моддалар) — оғриқни қолдирувчи ёки камайтирувчи дорилар; фармакологик таъсирига кўра наркотик ва наркотикмас Анальгетиклар фарқ қилинади. Наркотик Анальгетикларга морфин, омнопон ва унинг синтетик ўриндошлари (промедол, фенадон ва б.) киради; улар турли оғриқлар, жумладан шикастланиш ва б. ҳоллардаги кучли оғриқларни ҳам қолдиради. Наркотик Анальгетиклар такрор-такрор қабул қилинганда одам унга ўрганиб, қўмсайдиган бўлиб қолади ва бу наркоманияга сабаб бўлиши мумкин. Наркотикмас Анальгетикларга кимёвий тузилиши турлича бўлган синтетик моддалар (амидопирин, анальгин, фенацетин, ацетилсалицилат кислота, парацетамол ва б.) киради; бу хил Анальгетикларнинг наркотик Анальгетикларга Караганда оғриқ қолдирувчи таъсири кучсизроқ бўлиб, асосан, невралгия тусидаги оғрикларда, миальгия (мускуллар яллиғланиши)да, тиш ва бош огригида ишлатилади. Наркотикмас Анальгетиклар оғриқ қолдириш билан бир қаторда иситма тушишига ва яллигланишни бартараф этишга ҳам ёрдам беради.

Next Article

АНАМНЕЗ