АНЪАНА

АНЪАНА — ўтмишдан келажакка мерос қоладиган, авлоддан авлодга ўтадиган, жамият ҳаётининг турли соҳаларида намоён бўладиган моддий ва маънавий қадрият. Миллий, маданий, маиший, ижтимоий-сиёсий, диний ва б. А. лар бор. А. лар халқларнинг тарихий ривожланиши жараёнида шаклланади. Одамларнинг турмуш тарзи, моддий шароитлари турли Анъана ларнинг шаклланишига таъсир қилади. Муайян ижтимоий тартиб-қоидалар, ахлоқ меъёрлари, урфодат, маросим ва б. А. сифатида намоён бўлади. Анъана ларни: а) ижтимоий-тарихий ҳодиса; б) жамият ҳаётидаги жараёнларнинг таркибий қисми; в) кишилар ҳаёти ва фаолиятини белгилаш мезони; г) жамият ва одамларни бошқаришнинг маънавий омилларидан бири сифатида тавсифлаш мумкин. Анъаналар ёшларни тарбиялаш, уларни кекса авлод тажрибаларига ўргатиш воситаси ҳамдир. Ҳар бир даврнинг ўз Анъана лари бўлиб, вақт ўтиши б-н ўзгариб, мазмунан бойиб боради, баъзилари йўқолади, янгилари вужудга келади. Шунингдек, бир замоннинг Анъаналари иккинчи замонга мос келмаслиги мумкин. Давр талабига жавоб бермайдиган Анъаналар унутилади. Ҳар бир халқнинг Анъана ларида ўша халқнинг турмуш тарзи, маданий камолот даражаси, миллий онг ва қиёфаси ҳам акс этади. Бир ҳудуд аҳолиси ёки халқига хос Анъана ларга ҳар хил мафкуравий, партиявий нуқтаи назардан ёндошиш, бошқа ҳудуд ёки халқ нуқтаи назаридан баҳолаш нотўғри. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг собиқ шўролар тузумида жорий этилган Анъана вий байрам ва тантанали кунларнинг кўплари ўз аҳамиятини йўқотди. Ўзбек халқининг қадимдан таркиб топган, ҳозир ҳам кенг амал қилинадиган Анъаналари бор. Булар жумласига кексаларга ҳурмат, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй билан оқибатли, яқин алоқада бўлиш, эл-юртга садоқат, ҳашар, меҳмондўстлик, нонни эъзозлаш ва б. киради. Ўзбекистонда Наврўз, Мустақиллик куни, Конституция куни, Рўза ҳайити, Қурбон ҳайити ва б. халқ байрамлари яхши Анъаналар сифатида ҳаётга сингиб кетди.

Loading...