АНДАЛУСИЯ

АНДАЛУСИЯ — Испаниянинг жан. қисмидаги мухтор вилоят. Майд. 87,3 минг км2. Аҳолиси 7 млн. киши (1992). Маъмурий маркази — Севилья ш. Маъмурий жиҳатдан 8 провинция — Альмерия, Гранада, Кадис, Кордова, Малага, Севилья, Уэльва, Хаэнга бўлинади. Энг йирик портлари: Севилья, Кордова (Қуртуба), Малага, Кадис. Европанинг энг жан. нуқтаси — Марроки бурни Андалусия да. Андалусия жан.-ғарбда Атлантика океани (Кадис қўлтиғи), жан.-шарқда Ўрта денгиз б-н ўралган, жан. да Гибралтар бўғози уни Африка қитьасидан ажратиб туради. Гвадалквивир дарёси ҳавзасидаги Андалусия пасттекислиги вилоят ҳудудининг аксари қисмини эгаллаган. Пиренеи я. о. нинг энг баланд нуқтаси — Муласен чўққиси (3478 м) Андалусияда жойлашган. Тоғлар доим яшил ўрмон ва бутазорлар б-н қопланган.

Қ. х. да асосан, ғалла, пахта, дуккаклилар, шакарқамиш, зайтун меваси ва зайтун мойи, цитрус мевалар (апельсин) ҳамда узум етиштирилади. Қўй, қорамол (коррида ўйинлари учун буқа), йилқи боқилади, балиқ овланади, денгиздан туз олинади.

Ялпи маҳсулот қийматининг 1/5 қисми саноатга тўғри келади. Андалусияда полиметалл рудалари, темир руда, тошкўмир конлари бор. Ишлаб берувчи саноат тармоқларидан ташқари рангли металлургия, машинасозлик (жумладан кемасозлик), тўқимачилик, кимё, нефть, озиқ-овқат саноати ривожланган. Малага ш. курорт р-нининг маркази сифатида машҳур.

Андалусия номининг келиб чиқиши аниқланмаган. Араблар 8 – а. аввалида Пиреней я. о. катта қисмини эгаллагач, ўша жойларни Андалусия (ал-Андалус) деб атаганлар. Андалусияда қадимда иберлар яшаган. Андалусияда финикияликларнинг манзилгоҳлари (колониялари) [Гадес (Кадис), Кордуба (Кордова), Малака (Малага) ва б. ], сўнгра карфагенликларнинг манзилгоҳлари бўлган. Испанияда Рим ҳукмронлиги даврида А. Бетика (Рим провинцияси) ҳудудига кирган. Араблар ҳукмронлиги ўрнатилган даврда Андалусия 4 та қироллик (амирлик) — Хаэн, Куртуба, Севилья, Ғарнатага бўлинган. 13-а. да реконкиста жараёнида Андалусия араблардан тортиб олинган (Ғарнатадан ташқари). 1492 й. Ғарната эгалланиши билан Андалусия тўла-тўкис Кастилия ва Арагон қироллигига қўшиб олинган. Андалусиянинг кейинги тарихи Испания тарихи б-н уйғунлашиб кетган. Гранада, Кордова, Малага, Севилья ш. ларида Рим даври, араб маданияти ва Уйғониш даврининг тарихий ёдгорликлари сақланган.

Prev Article

АНГСТРЕМ

Next Article

АНДЕРС