АНДҲРА-ПРАДЕШ

АНДҲРА-ПРАДЕШҲиндистон штати. Ҳиндистон я. о. шарқида, Бенгалия қўлтиғи соҳилида, 1956 й. телугу (андҳра) халқи яшайдиган вилоятлардан ташкил қилинган. Майд. 277 минг км2. Аҳолиси 66,4 млн. киши (1991). Аҳолисининг асосий қисми ҳиндуизм динида; мусулмонлар 10% чамасида. Маъмурий маркази ва энг йирик шаҳри — Ҳайдаробод. Мамлакатнинг муҳим деҳқончилик р-ни. Асосан Декан ясси тоғлигида жойлашган. Соҳил қисми пасттекислик. Шим. да Гат тоғлари тармоқлари бор (бал. 1680 м). Иқлими тропик муссонли. Ёғин асосан ёзда ёғади. Аҳолининг 70% дан кўпроғи деҳқончилик билан машғул. Ерлар майда деҳқонлар қўлида. 10—11 млн. га ер (штат майд. нинг 40% часи) ишга солинган. Шундан 1/4 қисми суғорилади. Асосий озиқ-овқат экини — шоли. Штат тамаки, канакунжут етиштиришда етакчи ўринда. Шунингдек шакарқамиш, ер ёнғоқ, пахта ва б. экилади. Чорвачилик ёрдамчи аҳамиятга эга (қорамол, асосан отулов ўрнида ишлатилади). Штатнинг ер ости бойликлари анчагина бўлса ҳам, кўп қисми ишга солинмаган. Вишакҳапатнам ш. яқинида марганец, Неллуру вилояти яқинида слюда, Сингарени ш. ёнида кўмир қазиб чиқарилади. Графит конлари мавжуд. Вишакҳапатнамда кемасозлик корхонаси ва нефть з-ди, озиқ-овқат ва тўқимачилик корхоналари, қоғоз ф-каси, цемент з-длари бор. Кимё-фармацевтика препаратлари ишлаб чиқарилади. Ўрмон бойликларидан фойдаланилади. Ҳунармандчилик ривожланган. А.-П. да т. й. транспорта яхши ривожланган. Асосий денгиз портлари — Вишакҳапатнам (мамлакатнинг асосий портларидан бири), Какинада, Мачилипатнамдир.