АНДИЖОН АГРОФИРМАСИ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

«АНДИЖОН АГРОФИРМАСИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИконсерва саноати корхонаси. Андижон ш. да жойлашган. «Ўзмевасабзавотузумсаноат холдинг» компанияси таркибига киради. Мева консервалари ва шарбатлари, томат қайласи, жем, қиёмлар, турли хилдаги тузлама сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Корхона 1942 й. да Симферополдан эвакуация қилинган консерва з-ди негизида Андижон консерва з-ди номи б-н ташкил этилган. 1994 й. дан ҳозирги номда ва очиқ турдаги акциядорлик жамияти. Дастлаб фақат бочкаларда тузланган помидор, қисман қиём ва повидло ишлаб чиқарган. 1946 й. дан корхонанинг и. ч. қуввати оширилди, турли мева-сабзавот консервалари и. ч. 20 млн. банкага етказилди. 1965—75 й. ларда томат цехлари қайта қурилиб, бир суткада 1000 т гача помидорни қайта ишлаш мумкин бўлган автомат линиялар ўрнатилди, корхонанинг йиллик қуввати 106 млн. шартли банка маҳсулотга етказилди. 1991 й. да мева шарбати и. ч. цехи ишга туширилди. Корхонада ҳар йили ўртача 40,08 млн. шартли банка маҳсулот ишлаб чиқарилади. Корхона ҳузурида чет эл сармоялари асосида «Андижон дурдонаси» мева шарбати ишлаб чиқарадиган «Англо-инвест» ҳамда гўшт консерваси ишлаб чиқарадиган «АРМ С» қўшма корхоналари ишлайди. Корхона мева шарбати ва консерва маҳсулотларини экспортга чиқаради.