АНДИЖОН НЕФТЬ КОНИ

АНДИЖОН НЕФТЬ КОНИФарғона водийсининг жан.-шарқидаги конлардан бири. Андижон ш. дан 14 км жан. да. Биринчи қидирув ишлари 1932 й. дан бошланган. 1935 й. да бошланган бурғулаш натижасида 1937 й. 3-горизонтдан кунига 35 т нефть чиқа бошлади. Кейинги қидирув ишлари натижасида 5-горизонтдан (1940), сўнгра 1-горизонтдан нефть топилди. Андижон нефть кони 1937 й. да фойдаланишга топширилган. Андижон нефть кони антиклиналь бурма билан боғлиқ бўлиб, бу бурманинг уз. 23 км, эни 6 км. Бур-манинг шим.-ғарбий қанотида қатламлар оғиши 10° дан ошмайди, жан.-шарқининг баъзи жойларида 30—35° гача етади. Бурманинг марказида неоген ётқизиқлари ер юзасига чиқиб қолган. Уларнинг остида умумий қалинлиги 3000 м дан ортиқ бўлган палеоген ва бўр ётқизиқлари жойлашган. Антиклиналь бурма кўндаланг узилмалар бўйича блокларга бўлинган. Бир неча майда узилма ва сурилмалар ҳам учрайди. Саноат аҳамиятига эга бўлган нефть неогеннинг бақтрия ётқизиқларидаги 1-горизонтда ва палеогеннинг 3-, 5-, 6-, 7-горизонтларида учрайди. 1-горизонт бақгрия ярусининг остки қисмида ётади ва қумтошдан иборат. Унинг калинлиги бурманинг жан. қанотида 7—12 м ва шим. қанотида 40 м га етади. 1-горизонт остки массагет ярусининг ётқизиқларига номувофиқ ётади. Массагет ётқизиклари орасида ғовак қумтош қатламлари бўлиб, бу қатламларда ҳам баъзан нефть учрайди. 3-горизонт сумсар яруси гил қатламларининг устки қисмида бўлиб, қумтошдан иборат. Умумий калинлиги 18—21 м, нефтли қисмининг калинлиги 10 м. Букилманинг энг юқори қисмида озгина газ учрайди. Дастлабки вақтларда ҳар қайси қудуқдан (бурғу ковагидан) бир кеча-кундузда 14—70 т нефть чиққан. Нефтнинг с. оғ. 0,859. 5-горизонт Туркистон қатламларида бўлиб, қумли оҳактош ва оҳакли қум-тошдан иборат. Умумий қалинлиги 14 м, нефтли қисмининг қалинлиги 9 м. Дастлабки вақтларда ҳар бир қудуқдан бир кеча-кундузда 15—120 т нефть чиққан. 6-горизонт, асосан, ангидрит ва остки қисми қумтошдан иборат. Нефть 6-горизонтда сурилма остидаги қанотда бўлиб, таркиби 5-горизонт нефтига ўхшаш.

7-горизонт олай ярусидаги доломитли оҳактошдан иборат бўлиб, нефть оз. Ғарбий, марказий ва шарқий блоклардаги нефть деярли бутунлай олиб бўлинган. Горизонтнинг умумий калинлиги 42 м, нефтли қисмининг калинлиги 20 м. Дастлабки вақтларда ҳар бир қудукдан бир кеча-кундузда 40—90 т нефть олинган.