АНДИЖОН ҚОРА УЗУМИ

АНДИЖОН ҚОРА УЗУМИ, Қора андижоний, Қора — халқ селекциясида чиқарилган ўртапишар хўраки ва майизбоп узум нави. Тупи кучли ўсади. Барги тўгарак, беш бўлмали, кертикли, тўқ яшил, орқа томони туксиз. Гули икки жинсли. Узум боши чўзиқ, 250-300 г, шингиллари тиғизлиги ўртача. Ғужуми йирик, думалоқ, ранги тим қора, пўсти юпқа, таранг, эти ширали, таркибида 25—27% қанд моддаси бор. Ҳосили фаол ҳарорат 2700-2750° бўлганда 128—140 кунда пишиб етилади (авг. охири). Ҳосилдорлиги 150—200 ц/га. Замбуруғли касалликлар ва зараркунандаларга чидами ўртача, совуққа чидамсиз. Фарғона ва Андижон вилоятларида кенг тарқалган.