АНДИЖОН — Андижон вилоятидаги шаҳар. Вилоятнинг маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Ўзбекистоннинг йирик индустриал шаҳарларидан бири. Шаҳар Фарғона водийсининг шарқида. Андижонсой ёқасида, денгиз сатҳидан 450 м баландликда жойлашган. Июлнинг ўртача т-раси 27° — 28°, янв. ники — 3°. Аҳолиси 333,4 минг киши (2000). Майдони 74,3 км2. Андижон ш. шим.-ғарбдан Олтинкўл тумани ғарбдан Булоқбоши тумани ва жан.-шарқдан Андижон туманў б-н чегарадош.
Шаҳарнинг пайдо бўлиши ва номининг келиб чиқиши ҳақида турли хил афсона ва ривоятлар мавжуд. Айрим манбаларда шаҳар номи «анди», «адоқ» («азоқ») каби уруғ атамалари билан боғлиқлиги кўрсатилган. Бир вақтлар бу ерда андилар (ҳиндлар) яшаган ва шаҳарнинг номи «Андукон» деб аталган, деган ривоят ҳам бор. А. нинг Арк қисмида (ҳоз. Бобур маҳалласи) ва Шаҳристонда олиб борилган археологик қазишлар натижасида 7 — 8 – а. ларга оид буюмларнинг топилиши унинг Ўрта Осиёдаги кўҳна шаҳарлардан бири эканлигини тасдиқпайди. Ўрта асрларда шаҳар Арки мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Араб халифалиги даврида Андукон дейилган. Андижон илк бор ёзма манбаларда 10-а. араб сайёҳлари Ибн Ҳавқал ва Муқаддасий асарларида Андукон шаклида қайд этилган. 11-а. да шаҳар Корахонийлар ҳукмронлиги остига ўтган. 11—12 – а. ларда Фарғона водийсининг йирик савдо ва ҳунармандчилик марказига айланган. Шаҳар мўғуллар истилоси даврида вайрон этилган ва манбаларда қайд этилишича, 13 – а. охирларида мўғул хонлари бўлмиш Тува ва Хайду томонидан қайта тикланган. Андижон 14-а. 70-йларида Фарғона водийси билан бирга Амир Темур давлати таркибига кирган. 15-а. 2-ярмидан Андижон Темурийлар давлатига қарашли Фарғона вилоятининг пойтахти бўлган. Айниқса Умаршайх Мирзо ва унинг ўғли Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида шаҳарда хўжалик, фан, маданият ривож топган. Хусусан, Бобур ўзининг машҳур «Бобурнома» асарида Андижонни шундай таърифлайди: «Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас… Андижон ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш (ҳоз. Шаҳрисабз) қўрғонидин сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтур. Уч дарвозаси бор… Тўққиз тарнов сув кирар. Бу ажабдурким бир ердан ҳам чиқмас… Эли туркдур»… 1504 й. дан Андижон шайбонийлар қўл остига ўтган. 1710 й. да Қўқон хонлиги таркибига кирган ва Россия Қўқон хонлигини бутунлай босиб олгунига қадар (1876 й. гача) Андижон беклигининг қароргоҳи бўлган.
Шаҳарда маҳаллий халқдан ташқари Шарқий Туркистон (Синьцзян)дан келганлар ҳам яшаган. Шаҳар ўзининг ҳунармандчилик буюмлари, ип ва ипак газламалари билан шуҳрат қозонган.
19-а. ўрталарида Андижон 4 даҳага бўлинган эди. Ҳар бир даҳанинг қозиси, мингбошиси бўлган. Даҳалар оқсоқол бошлиқ маҳаллаларга бўлинган. 1877 й. да шаҳарга ёндош Хоқон (Хақан) қишлоғи аҳолиси кўчирилиб ўрнида рус босқинчилари учун янги шаҳар қурила бошлади. Шаҳар Россия билан темир йўл орқали боғлангач (1899), қ. х. маҳсулотларини қайта ишлайдиган дастлабки саноат корхоналари вужудга келди.
1898 й. А. да подшо ҳукумати маъмурларининг зулмига қарши Дукчи Эшон — Муҳаммадали халфа Собир ўғли раҳбарлигида халқ қўзғолони бўлиб ўтди. Қўзғолон ниҳоятда шафқатсизлик б-н бостирилди, кўплаб бегуноҳ одамлар ўлдирилди, қўзғолон ташкилотчилари қатл этилди (қ. Андижон қўзғолони).
Андижон кучли сейсмик зонада жойлашган. 1902 й. 16 дек. да 9 балли зилзила бўлиб, маҳаллий аҳоли уйлари бутунлай вайрон бўлди (қ. Андижон зилзиласи). 1916 й. А. меҳнаткашлари подшо ҳукуматининг мардикорликка олиш сиёсатига қарши халқ қўзғолонида фаол қатнашди.
Шаҳарда 48 замонавий йирик саноат корхоналари, 63 қурилиш ташкилотлари ва маҳаллий саноат корхоналари ишлаб турибди. «Андижонмаш», «Андижонирмаш» каби акциядорлик жамиятлари пахта з-длари учун ускуналар, қ. х. машиналарига эҳтиёж қисмлар, насослар, универсал юклагичлар, айланма плуглар, ногиронлар учун аравачалар ва б. анжомларни ишлаб чиқаради. Андижонда ишлаб чиқарилган дизель ва насослар, универсал юклагичлар бошқа мамлакатларга экспорт қилинади. Андижон корхоналари электроника («Электродвигатель», «Электроаппарат» акциядорлик жамиятлари) машиналари ҳам ишлаб чиқаради. «Биокимё» з-дида этил спирти, эфироалдегиднал фракция, углекислота ва чорва озуғи тайёрланади (қ. Андижон биокимё заводи). Тикувчилик ва пойабзал ф-калари бор. Маҳаллий саноат корхоналари ҳам пойабзал, безакли газлама, мебель ва уйрўзғор буюмлари и. ч. га ихтисослашган. Андижонда озиқ-овқат саноатининг барча тармоқлари ривожланган.
Шаҳарда 50 қўшма корхона мавжуд (АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Италия, Қирғизистон ва б. билан ҳамкорликда). Улардан 5 таси «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасига автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаради. Шаҳарда йилдан йилга янги қўшма корхоналар ишга туширилиб, замонавий ва экспортбоп маҳсулотлар и. ч. йўлга қўйилмоқда.
Шаҳарда 3000 тага яқин кичик ва ўрта бизнес субъектлари, 7000 дан зиёд хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар бор: Мустақиллик йилларида шаҳарда бунёдкорлик ишлари ривож топди. Андижон вилояти ҳокимияти биноси олдида шаҳарнинг марказий майдони бунёд этилиб, Бобур номи берилди (1991) ва бу ерга унинг от миниб турган ҳайкали ўрнатилди. Майдон атрофида Охунбобоев номидаги вилоят театр биноси, Бобур номидаги вилоят кутубхонаси, Аббос Бакиров номидаги кинотеатр, Андижон тиббиёт институтининг бош биноси жойлашган.
Шаҳар марказидан ўтган энг катта кўча — Алишер Навоий шоҳ кўчасидир. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боги 1999—2000 й. ларда қайта таъмирланиб, шарқона шаклда «Арк» дарвозаси бунёд этилди. Боғ ичида рамзий бургутга уйғунлаштириб қурилган томоша иншооти — амфитеатр ниҳоятда маҳобатли кўринишга эга. Эндиликда вилоят ва шаҳарнинг энг катта тантаналари шу ерда ўтказилади. Шаҳарда кейинги йилларда замонавий меъморлик анъаналарида қурилган теннис корти, «Наврўз» стадиони, аэропортдаги депутатларни кутиб олиш ва жўнатиш зали, «Автотеххизмат», Чўлпон боғи, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, «Асакабанк» шаҳар молия бўлими биноси, Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг бўлими бинолари, Андижон тиббиёт инти, 4 касб-ҳунар коллежи, 1 академик лицей, «ДЭУ Юнител» қўшма корхонаси, кўп қаватли турар жой бинолари ва кўплаб супермаркет, савдо шахобчалари бунёд этилди. Шаҳарда 25 транспорт ва 5 алоқа корхонаси, 10 коммунал ташкилотлари мавжуд. Транспорт воситалари кат-найдиган кўчалар сони 365 та бўлиб, уларнинг уз. 770 км ни ташкил этади. Шаҳарда «Ўздунробита», «Камалак — ТВ» ва «ДЭУ Юнител» қўшма корхоналар хизматлари эвазига аҳоли уяли ҳамда пейджинг алоқа воситаларидан фойдаланмоқда.
Шаҳарда 2600 га яқин савдо ва 700 дан зиёд маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари мавжуд.
Андижон мамлакатнинг фан, маданият марказларидан бирига айланди. Шаҳарда 4 ин-т, 21 ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ўқув юртлари, 47 умумтаълим мактаби ва 86 мактабгача тарбия муассасаси мавжуд. 1999/2000 й. ларда ин-тларда 8816 талаба, ўрта махсус ўқув юртларида 14352, умумтаълим мактабларида 68630 ўқувчи таълим олди.
Шаҳарда 3 театр, 25 оммавий кутубхона, 6 клуб, 5 кинотеатр, 5 маданият ва истироҳат боғи, 4 маданият уйи, 3 музей, 3 мусиқа ва санъат мактаби мавжуд (2000). 9 спорт мактаби, 10 стадион, 4 сузиш ҳавзаси, 1 теннис корти (14 майдон), 62 спорт зали ва бир қатор спорт майдонларида аҳоли спорт билан шуғулланади.
Ад. Шокаримов С. Андижон, Т., 2000. Бахтиёр Зияев.