АНДИЖОН ВИЛОЯТИ

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ — ЎзР таркибидаги вилоят. Фарғона водийсининг шарқий қисмида. 1941 й. 6 мартда ташкил этилган. Майд. 4,2 минг км2. Ахолиси 2196,0 минг киши (2000). Андижон вилоятида 14 қишлоқ тумани (Андижон, Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўз, Жалақудуқ, Избоскан, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Улуғнор, Хўжаобод, Шаҳрихон, Қўрғонтепа), 11 шаҳар (Андижон, Асака, Марҳамат, Охунбобоев, Пахтаобод, Пойтуғ, Хонобод, Хўжаобод, Шаҳрихон, Қорасув, Қўрғонтепа), 5 шаҳарча (Андижон, Бўз, Жанубий Оламушук, Куйганёр, Полвонтош) ва 95 қишлоқ фуқаролари йиғини бор (2000). Маркази — Андижон ш.

Андижон вилояти туманлари ҳақида алоҳида мақолаларга, мас, Асака тумани, Шаҳрихон тумани ва б. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Андижон вилоятида, бошқа вилоятларда бўлгани каби, бошқарувнинг тарихий ва миллий шакли — ҳокимлик ўрнатилди. Натижада ҳокимликларда кўпроқ мустақиллик, ўз ҳудудида ўз ҳукми ва сўзининг таъсирини ошириш, хўжалик ва иқтисодий бошқарувда қатьият билан ишлаш имкониятлари пайдо бўлди. Хокимликлар ҳаётга ҳамда и. ч. га яқинлашдилар. Андижон вилояти ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда вилоят халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Табиати. Андижон вилояти ер юзаси асосан текислик. Ҳоз. рельефи ва ер юзасидаги жинслар тўртламчи геологик даврнинг катта-кичик дарёлари ва ирмоқларининг фаолиятидан ҳосил бўлган. Вилоятнинг ғарбий қисми қирли текислик (бал. 400 —500 м), шарқи (Андижон ш. дан шарқда) Фарғона ва Олай тизмаларининг адирларидан иборат. Андижон вилояти геологик актив зонада жойлашган, кучли зилзилалар бўлиб туради (қ. Андижон зилзиласи). Иқлими кескин континентал, қуруқ. Тоғ тизмалари Фарғона водийсини совуқ ҳавонинг кириб келишидан тўсиб турганлиги учун қишда Андижон вилоятида об-ҳаво бирмунча барқарор. Ёзи иссиқ, июлнинг ўртача т-раси 27,3°, киши нисбатан со-вуқ, янв. нинг ўртача т-раси —3°. Вегетация даври 217 кун. Йилига 200 — 250 мм ёғин тушади. Андижон вилояти Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига нисбатан сув ресурсларига бой. Дарёлари ёғиндан, тоғлардаги кўп йиллик қор ва музликлардан сув олади. Асосий дарёси — Қорадарё (Сирдарё ирмокларидан бири). Унинг ирмоқлари — Мойлисув, Оқбўра, Аравонсой ва б. А. в. дарёларининг суви суғориш учун ишлатилади. Тупроқлари бўз, қўнғир, ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар, қумтош, мергель, лесс ва чақиртошлардан иборат. Баҳорда адирлар эфемер ўсимликлар б-н қопланади. Андижон вилоятининг экин экилмайдиган текислик қисмида шувоқ-шўра ўсимликлари, тоғ ён бағирларида писта, бодом ўсади. Ёввойи ҳайвонлар (бўри, тулки, қобон ва б.) кам учрайди; судралувчилар, кемирувчилар, қушлар, сув ҳавзаларида балиқлар бор.

Аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар ташкил этади. Қирғиз, тожик, уйғур, рус, корейс ва б. ҳам бор. Россия Қўқон хонлигини босиб олгач, бу ерга рус, украин, татар, арман, яҳудий ва б. кўчиб келган. 1 км2 га ўртача 517 киши тўғри келади. Миллий таркиби: ўзбеклар — 88,8%, қирғизлар 3,8%, татарлар 3,1%, руслар 2%. Шаҳарликлар 657,7 минг киши, қишлоқ аҳолиси 1539,2 минг киши (2000).

Хўжалиги. Андижон вилояти республика и. ч. да ва маданий тараққиётида етакчи ўрин тутган вилоятлардан бири. Республиканинг 2,6% нефтини, 8,3% пахтасини, 8,7% пахта толасини, 8,7% ўсимлик мойини беради (2000; режага нисбатан). Табиий ресурслар, қ. х. хом ашёси негизида ишлайдиган саноат тармоқлари, шунингдек аҳолига истеъмол буюмлари ишлаб чиқарадиган корхоналар барпо этилди.

Вилоятда тадбиркорлик ривожланиб бораяпти. Уни қўллаб-қувватлаш мақсадларига 2 млрд. сўмдан зиёд кредит берилиб, 3,4 млн. АҚШ доллари миқдорида чет эл сармояси жалб қилинди (2000). 1995-2000 й. лар мобайнида вилоят иқтисодиётида 23,5 млрд. сўм чет эл сармояси киритилди.

Саноати. Вилоятда фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, пахтачилик ва ирригация билан боғлиқ бўлган тармоқлар, пахтани қайта ишлаш, машинасозлик ва металлсозлик, электротехника саноатлари, қурилиш материаллари и. ч., кимё, енгил (ипгазлама, пайпоқ ф-калари ва б.), озиқ-овқат саноати энг ривожланган тармоқлардир. Вилоят мамлакатда нефть ва газ қазиб чиқаришда салмоқли ўрин тутади. Ўнга яқин нефть ва нефть-газ конлари (Андижон нефть кони, «Хўжаобод», «Бўстон», «Жанубий Оламушук», «Хартум», «Полвонтош», «Хўжаусмон» ва б.) ишлаб турибди. Хўжаобод — Андижон — Асака газ қувури бор.

Андижон вилоятида дастлабки пахта тозалаш з-длари Андижон ш. да 1911 й. да, Асакада 1912 й. да, Шаҳрихонда 1915 й. да курилган. Саноатнинг бу тури пахта етиштиришга қараб тез ривожланди. 1924 й. пахта з-дларида 25 минг т хом ашё кайта ишланган эди. 1999 й. да мавжуд 13 та пахта қайта ишлаш корхоналарида 325 минг т дан зиёд пахта қайта ишланди. Вилоятда етиштирилаётган пилла, жун, тери умуман қайта ишланмасдан, шундайлигича хом ашё сифатида метрополияга жўнатилар эди. 1907 й. ярим ҳунармандчиликка асосланган ёғ з-ди қуридди. Дастлаб бу завод бир кечакундузда 50 т чигитни қайта ишлаб, 8 т га яқин ёғ чиқарар эди. 1954 й. да завод ёғ-мой к-тига айлантирилди. 1960—70 й. ларда Андижон ш. да «Электродвигатель», «Электроаппарат» каби йирик корхоналар, Марҳаматда эса «Электротехника» з-ди қурилди. 1941 й. Андижон ш. да моторсозлик з-ди ишга туширилди.

Мустақиллик йилларида вилоят индустрияси ўз йўналишини ўзгартириб, тубдан ривожланмоқда. Мавжуд корхоналар давлат тасарруфидан чикарилиб, мулкчиликнинг ўзгача шаклига кириб бормоқда. Хусусан аксарият йирик ва ўрта корхоналар негизида акциядорлик жамиятлари ташкил этидди. Вилоятда мулкчиликнинг барча турига оид 160 саноат корхонаси бор (2000). Булардан йириклари: Бобур номидаги ипгазлама и. ч. акциядорлик жамияти (Андижон ш. да; туманларда бўлимлари бор), «Андижон агрофирмаси» акциядорлик жамияти, Андижон автомобиль ўриндиқлари заводи, Андижон биокимё заводи, Андижон ирригация машинасозлик заводи, Андижон «Семурғ» трикотаж акциядорлик бирлашмаси, Андижон дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти, «Андижонкабель акциядорлик жамияти», Чинобод пахта тозалаш акциядорлик жамияти.

1991—2000 й. лар давомида Андижон вилоятида жаҳон андозаси даражасидаги маҳсулотлар ишлаб чикарувчи замонавий қўшма корхоналар бунёд қилинди. Вилоятда 79 қўшма корхона, 8447 кичик ва хусусий корхона мавжуд. Вилоятдаги қўшма корхоналар бутун вилоят ялпи саноат маҳсулотининг 53% дан кўпроғини ишлаб чиқармоқда (2000). Ўрта Осиёда ягона автомобилсозлик корхонаси — ЎзбекЖанубий Корея «ЎзДЭУ авто» компанияси Асака ш. да жойлашган. (қ. Асака автомобиль заводи). Италиянинг «Акаука Федеричи» акциядорлик жамияти б-н ҳамкорликда Асакада барпо этилган Ўзбек-Италия «ФАМ» қўшма корхонаси соатига турига қараб 1 — 1,5 т макарон ишлаб чиқариш қувватига эга. Шаҳрихон туманидаги Сегазақум қишлоғида калава ип тайёрлайдиган ва келгусида ундан газлама тўқийдиган «АНТЕКС» очик турдаги акциядорлик жамияти корхонаси барпо этилди (1994 й. янв. да бошланиб, 1999 й. окт. ида ишга туширилди). Балиқчи тумани нотўқима матолар ишлаб чиқариш ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклидаги Ўзбек — Америка қўшма корхонаси ҳам ўз маҳсулотлари б-н чет элда эътибор қозонган корхоналардандир. Қўшма корхона замонавий ускуналар билан қайта жиҳозланди. Калава ип ва хом газлама тайёрланадиган мазкур корхонада 1300 дан ортиқ ишчи ишлайди (2000). Шунингдек, вилоятда ривожланган мамлакатларнинг сармоялари жалб қилинган «Андижон-Прага», «Андижон дурдонаси», «Навигул», «Узкоромко», Ўзбек-Рус-Британия «Маек», «Ал-Осиё» қўшма корхоналари ва Ўзбек-Америка «Ўздунробита» қўшма корхонаси филиали бор.

Қишлоқ хўжалиги. Вилоят қ. х. нинг асосий тармоғи — пахтачиликдир. Пахтанинг ялпи ҳосили ва ҳосилдорлиги жиҳатидан Андижон вилояти мамлакатда олдинги ўринларда туради. Айниқса мустақилликдан кейин пахтакорга эркинлик берилгач, пахтачиликда туб ўзгаришлар содир бўлди. 1997 й. дан чигитни кенг майдонларда плёнка остига экиш технологияси жорий этилди (мазкур технологиями қўллашда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Қаҳрамони Қобилжон Обидов катта жонбозлик кўрсатди). Пахта, ғалла алмашлаб экилиши йўлга қўйилди. Фақат минерал ўғитларга қараб қолмасдан маҳаллий ўғитлардан ҳам фойдаланилди. Хусусан гидролиз з-дининг чиқиндиларидан компост тайёрлаб, тупроқ унумдорлигини оширишга аҳамият берилди; экин қатор ораларига аммиак суви оқизиш ўзлаштирилди. Ғўза навларини тупроқ ва иқлим шароитига кўра танлашга эътибор берилди. Ҳар йили катта майдонларда пахтанинг «Оқларё», «Армуғон», «Фарғона-5» сингари истиқболли навлари синаб кўрилди ва мунтазам янгиланиб борилди. Кейинги йилларда синовдан ўтиб, эртапишар, толаси пишиқ, чигити тўла, касалликларга чидамлилигига ишонч ҳосил қилинган «Оқларё» нави кўпроқ экилди. Натижада мамлакатнинг бошқа вилоятларига қараганда ғўза Андижон вилоятида барвақт етилмоқда. Сент. ойига қадар ҳосилнинг асосий қисми йиғиб олинмоқда ва юқори навларга ўтказилмоқда. 2000 й. да Олтинкўл туманидаги «Иттифоқ» жамоа хўжалигида гектаридан ўртача 45,7 ц, Асака туманидаги «Янги ҳаёт» жамоа хўжалигида 48,4 ц атрофида ҳосил олинди. Шаҳрихон туманидаги F. Жўраев номидаги жамоа хўжалигининг фермери Н. Тошматов 60 ц дан хирмон уйди.

Андижон вилоятида 2000 й. да сент. ойидаёқ 305 минг т дан зиёд пахта тайёрланиб, шартнома режаси мамлакатда биринчи бўлиб бажарилди.

Ғаллачиликда ҳам «Андижон мактаби» яратилди. Дон 3 баробар кўпайиб, ҳосилдорлик 1,2 марта ошди. 2000 й. да ғалла ҳосилдорлиги мўлжалдаги 70,8 ц дан ошиб кетди. Марҳамат туманининг Улуғтоғ адирларида Охунбобоев номидаги жамоа хўжалигининг ижарачиси Муҳаммадшариф Тошпўлатов 67 ц дан, Балиқчидаги Хайрихон Эргашева номидаги ширкат хўжалигида ижарачилардан Эркинбой Шукуров, Алижон Комилов, Туробжон Ҳакимов 85 ц дан дон олишди.

Шаҳрихон туманидаги «Олтин водий» жамоа хўжалиги ғаллачилик бригадаси бошлиғи Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Абдурасулов узоқ, йиллар давомида дончиликда ва пахтачиликда юқори кўрсаткичларга эришди. У А. в. да бошқа минтақалардан келтирилган янги буғдой навларини синаш ва улардан мўл ҳосил олиш бўйича тажриба мактаби яратди. 2000 й. ҳосили учун вилоятда 74 минг га майдонга элита ва суперэлита уруғлари экилди. Кузги буғдойнинг истиқболли «Андижон —1», «Андижон—2», «Чиллаки» навлари синаб кўрилиб, уларнинг парвариш тартиби аниқлаб чиқилди.

Кейинги йилларда бошқа вилоятларда ҳам андижонликлар яратган янги навлар кенг экилмоқда. 2000 й. да давлатга 250 минг т га яқин ғалла топширилди. Унинг 150 минг т сидан зиёдини сара уруғлик ташкил этади. Ғаллачилик 1999 й. да Андижон вилоятига 9,3 млрд. сўмдан ортиқ даромад келтирди.

Қ. х. да, шунингдек боғдорчилик, токчилик, сабзавотчилик, дон ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш билан ҳам шуғулланилади. Боғдорчиликда Андижон вилояти анор, анжир, бодом, бехи, нок, шафтоли, олма, узум етиштириш билан айниқса машҳур. Вилоятда аҳоли сони кўплиги сабабли адирларда боғлар яратишга катта аҳамият берилган. Шундай боғлардан энг машҳури «Соҳибкор» мева-токчилик и. ч. ширкатлар уюшмаси боғидир. Мазкур боғ 1981 й. да, Асака туманидаги Файзиобод қишлоғидан 3—4 км нарида Асака адирларининг сувсиз қовжираб ётган ерлари бағрида пастдан қувур орқали сув чиқариб яратилган. Боғнинг барпо этилиши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими Тилаволди Ёқубов номи билан боғлиқ. Андижон вилояти боғларида мевали дарахтлардан ташқари токнинг Андижон қора узуми нави кенг экилади.

Қ. х. да фойданиладиган ерлар майдони томорқа ерларини қўшган ҳолда 256,7 минг га. Қ. х. экинлари экиладиган жами ерлари 257,6 минг га, шу жумладан ҳайдаладиган ер 200,9 минг га, яйловлар 21,7 минг га (2000). Барча экин майдони 202,5 минг га, шу жумладан дон экинлари 82,5 минг га, пахта экиладиган ер 110 минг га, картошка, сабзавот-полиз экинлари 4,9 минг га, озуқа экинлари 16,1 минг га, 3500 га ўрмонзор бор (2000). Гречиха ва соя ҳам етиштирилмоқда. Умуман вилоятда миришкор деҳқон йил давомида 2—3 мартадан ҳосил олмоқда.

Андижон вилоятида Усмон Юсупов номидаги Катта Фарғона, Жанубий Фарғона, Катта Андижон, Савай, Андижонсой, Шаҳрихонсой ва б. каналлар бор. Адир зоналаридаги далаларга сув насос ст-ялари ёрдамида чиқарилади. Қорадарёда Андижон сув омбори барпо қилинган. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 7,8 минг км коллектор-дренаж тармоқлари қурилган. Вилоятнинг ҳамма туманларидаги суғориладиган майдоннинг асосий қисмида пахта ва дон экилади.

Андижон вилоятида 13 жамоа хўжалиги, 6 давлат хўжалиги, 13 хўжаликлараро корхона, 133 ширкат хўжалиги, 36 бошқа хўжалик, 2724 фермер хўжалиги мавжуд. Жамоа хўжаликларида чорвачилик асосан сут етиштиришга ихтисослашган, тоғ олди ва тоғли туманларда қўйчилик ривожланган. 95 минг қорамол, 56 минг сигир, 65 минг қўй ва эчки, 190,2 минг парранда бор (2000).

Транспорти. Т. й. транспорти вилоятда асосий транспорт турларидан бири. Унинг уз. 2459 км (2000). Вилоятда дастлабки т. й. 19-а. охирларида қурилиб, кейинчалик ундан тармоқлар давом эттирилган. Урушдан олдин Асака — Шаҳрихон (1931), УчқўрғонТошкўмир (1935) ва б. темир йўллар қурилди. Барча автомобиль йўлларининг 6,2 минг км қисми қаттиқ қопламали (2000). Ҳаво йўллари Андижон ш. ни Тошкент, Москва, СанктПетербург ва б. шаҳарлар, шунингдек Кавказ, Қрим билан боғлайди. Андижон ш. кўчаларида, шунингдек Андижон ш. дан Куйганёр шаҳарчасига троллейбус қатнайди.

Маданий-маориф, соғлиқни сақлаш ва спорта. 1999/2000 ўқув йилида вилоятда 738 умумий таълим мактаби бўлиб, 510 мингдан зиёд ўқувчи, 24 гимназияда 7538 минг ўқувчи, 32 академик лицейда 5862 ўқувчи, 28 мусиқа ва 62 спорт мактабида 30940 ўқувчи таълим олди. Вилоятда 5 олий ўқув юрти бор: Андижон университети, Андижон қишлоқ хужалиги институти, Андижон муҳандисликиқтисодиёт институти, Андижон тиббиёт институти, Андижон тиллар институти. Андижон олий ўқув юртларида 10,8 минг талаба таълим олди (2000).

1999 й. окт. да Куйганёр шаҳарчасида (Андижон тумани) Ўзбекистон Республика Қ. х. ва сув хўжалиги вазирлиги Қ. х. илмий и. ч. марказининг Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар етиштириш илмий тадқиқот ин-ти ташкил этилди. Ин-тнинг асосий вазифаси мамлакатда суғориладиган ерларда деҳқончилик шароитига мослашган янги дон навларини яратиш, туманлашган ва истиқболли ғалла ва дуккакли ўсимликларни етиштириш технологиясини и. ч. дан иборат.

Вилоят шаҳар ва туманларида 1998 — 2000 й. ларда 19 коллеж ва академик лицейлар бинолари қурилиб ишга туширилди. Улар замонавий дастгоҳ ва техника билан жиҳозланди. Вилоятда 20 касб-ҳунар коллежида 22389 ўқувчи, 28 академик лицейда 15928 ўқувчи ўқийди. Андижон ш. даги ва Оқолтин туманидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежлари, Андижон туманининг Оқёр қишлоғидаги саноат касб-ҳунар коллежи энг намунали ўқув даргоҳларидир.

Вилоятда 4 музей (Андижон вилоят адабиёт ва саньат музейи, Андижон вилоят ўлкашунослик музейи, Бобур уй музейи, Чўлпон уй музейи), 508 оммавий кутубхона (8150,4 минг нусха асар), 183 клуб, 37 маданият уйи, 966 бадиий ҳаваскорлик жамоалари бор. Андижон ш. даги Бобур номидаги вилоят кутубхонасида (1967 й. ишга тушган) 2000 ўринли қироатхона мавжуд (2000).

Андижон вилоятида 3 та театр бор. Йўлдош Охунбобоев номидаги Андижон вилоят мусиқали драма ва комедия театри Ўзбекистондаги тўнғич театрлардан бири бўлиб, унга 1919 й. нояб. да Ҳамза асос солган (қ. Андижон театри). Аббос Бакиров номидаги Андижон давлат болалар ва ёшлар театри 1990 й. 1 дек. да «Истиқбол» театр студияси асосида ташкил этилган (қ. Андижон болалар ва ёшлар театри). Андижон вилоят «Лола» қўғирчоқ театри 1968 й. апр. да Республика давлат қўғирчоқ театри қошидаги студия битирувчилари асосида ташкил бўлган (қ. Андижон қўғирчоқ театри).

Андижон вилоятидан Ҳалима Носирова, Лутфихоним Саримсоқова, Тамарахоним, Сойиб Хўжаев, Аббос Бакиров, Ғанижон Тошматов. Музаффар Муҳамедов каби йирик санъаткорлар; Фаттоҳхон Мамадалиев, ака-ука Исмоилжон ва Исроилжон Ваҳобовлар каби халқ ҳофизлари; Ҳабиба Охунова, Шерали Жўраев, Турғун Хонтўраев, Ҳошимжон Олимжонов каби Ўзбекистон халқ артистлари, Тошканбой Эгамбердиев (Асакадан) бошлиқ дорбозлар сулоласи етишиб машҳуру маълум бўлишган.

Андижон вилоятида 5 маданият ва истироҳат боғи, кўплаб кўкаламзор хиёбонлар бор. Айниқса Андижон ш. даги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи (1934 й. ташкил этилган) машҳурдир. 1997—2000 й. ларда боғ бутунлай қайта қурилиб, ниҳоятда кўркамлаштирилди. Рамзий бургут остидаги қаҳвахонага уйғунлаштирилиб қурилган «Амфитеатр» (2000) байрам тантаналари ва б. томошалар ўтказиладиган масканга айланган. Андижон ш. нинг жан.-шарқида — Боғишамолда 300 га майдонни эгаллаган Бобур номидаги миллий боғ (Боғи Бобур), Андижон ш. нинг марказий қисмида Чўлпон боғи ташкил этилди. Андижон вилоятида зиёратгоҳ жойлар кўп. Султонобод, Хонобод, Андижон денгизи каби жойлар чет эллик сайёҳларда катта таассурот қолдиради. Хўжаобод туманида Бобур қадамжоларидан бири — Лотконтепада ажойиб зиёратгоҳ барпо этидди. Бу зиёратгоҳ Ширмонбулоқ, Чилустун тоғлари билан туташиб кетган. Асака, Шаҳрихон, Пойтуғ, Қўрғонтепа ш. лари халқ ҳунармандчилиги бадиий буюмлари тайёрлаш билан машҳур.

Вилоятда 14,1 минг ўринли (10 минг кишига 64 ўрин) 70 касалхона муассасаси, 6233 врач, шу жумладан 317 стоматолог (10 минг кишига 28,7 врач), 22 минг ўрта маълумотли тиббий ходим, 5 санаторий бор (2000). Андижон ш. да Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг бўлими ишга туширилди (2000).

Спорт. Андижон вилояти спортчилари спортнинг 37 тури бўйича турли даражадаги мусобақаларда иштирок этади (2000). Чавандозлик, чим устида хоккей, енгил атлетика, футбол, теннис, спорт гимнастикаси, бокс ва б. Чим устида хоккей бўйича «Андижанка» аёллар жамоаси Европа чемпионлари кубоги соҳиби. 1996 й. дан «Андижанка» аёллар футбол жамоасига айлантирилди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий М. Д. ким раҳбарлигида «Андижанка» 1998, 1999 й. ларда Ўрта Осиё мамлакатлари аёллар футбол жамоалари мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, кубок ҳамда чемпионликни қўлга киритди.

Андижонда хизмат кўрсатган спорт устаси, Европа чемпиони, жаҳон кубоги ғолиби, жаҳон рекордчиси енгил атлетикачи Светлана Ўлмасова ва унинг жамоадош дугонаси Замира Зайцева, бокс бўйича Европа чемпиони Феликс Пак, самбо бўйича Европа чемпони Мельс Ан каби машҳур спортчилар тарбияланганлар. Байдаркачи Татьяна Левина республика терма жамоаси таркибида кейинги ўн йиллар давомида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда (2000). Олимпиада ўйинларида собиқ Иттифоқ терма жамоалари таркибида андижонлик спортчилар мунтазам иштирок этганлар. Улар орасида Сеул Олимпиадасининг оғир атлетика бўйича кумуш медали совриндори Ноил Мухаммадиёров, чим устида хоккей бўйича — Игорь Давидов, Москва Олимпиадасининг чим устида хоккей бўйича бронза медали совриндорлари — Лайло Аҳмедова, Неля Горбаткова, Алина Хам, Валентина Заздравних кабилар бор.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Андижон вилояти спортчиларига ҳам халқаро мусобақаларда қатнашишга кенг йўл очилди. 2000 й. да Сидней (Австралия) да ўтказилган 27-олимпиада ўйинларида мамлакат бўйича ягона олтин медални андижонлик боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев олди; боксчи Сергей Михайлов бронза медали соҳиби бўлди. Боксчилардан Ўткирбек Ҳайдаров, Руслан Чагаевпар жаҳон чемпионларидир. Андижон ш. Республика олимпиада ўринбосарлари билим юртининг бокс бўйича мураббийлари М. Г. Қўчқоров, А. А. Размахов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси» унвонига сазовор бўлишган. Андижондан моҳир спортчиларни тайёрлашда спорт мураббийси В. А. Золотарёвнинг катта хизмати бор.

Андижон ш. да замонавий спорт иншоотлари қурилган: турли даражадаги халқаро мусобақалар ўтказиладиган 35 та теннис корти мажмуи (1998 й. да ишга тушган; ўн минг томошабинга мўлжалланган), «Наврўз» футбол стадиони, «Ямбол» спорт мажмуи, чим устида хоккей бўйича «Халқаро дўстлик» стадиони, шахмат-шашка клуби, гимнастика мажмуи, сузиш ҳавзалари ва б. Андижон теннис иншоотида ҳар йили профессионал теннисчиларнинг халқаро турнирлари мунтазам ўтказиб келинади. 1996 й. ўтказилган «Челленжер» турнирида жаҳондаги 26 давлатдан вакиллар иштирок этди. 1997 — 1998, 1999 й. лари ўтказилган халқаро «Сателлит» ва «Истиқбол» турнирларида ҳам 20 га яқин давлатлардан вакиллар қатнашди. Бу халқаро турнирлардаги катта ракетка усталарининг ўйинлари андижонлик ёш ўқувчи-теннисчилар учун катта маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Теннис клубида 150 га яқин ёшлар мунтазам шуғулланиб келади, уларга 5 мураббий сабоқ беряпти (2000). Ўқувчилар орасида республика мусобақалари совриндорлари бор.

Андижон вилояти «Наврўз» футбол командаси мамлакат миллий футбол чемпионатида иштирок этиб келади.

Вилоятда 70 болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ишлайди; уларда 32 минг ўқувчи турли спорт турлари билан шуғулланади. Андижон ш. да олимпиада ўринбосарлари билим юрти ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари юқори малакали спортчилар тайёрлайди.

Адабиёти. Андижон оламшумул шуҳрат эгаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегимлар юрти. 20-а. янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси Абдулҳамид Чўлпон Андижонда таваллуд топган. Бу ерда Зокиржон Ҳабибий, Оразий, Восит Саъдулла, Хошимжон Раззоқов, Сайфий, Анисий, Азимий, Боқир каби ўнлаб ғазалнавислар яшаб ижод этдилар. Шу заминда шаклланиб обрў эътибор қозонган Собир Абдулла, Султон Жўра, Комил Яшин, Тўхтасин Жалолов, Саида Зуннуновалар ўзбек адабиёти ривожида алоҳида ўрин ва мавқега эгадирлар. 20-а. нинг сўнгги ўн йилликларида шеъриятда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, Республикада хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Холдор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Турсуной Содиқова ва Холдоржон Қуронбоев, истеъдодли шоирлар — Фозил Эмин, Ҳалима Қорабоева, Исмоил Тўлак, Ханифа Солиҳова, Абдуҳалил Қорабоев, Шукур Қурбон, Усмонхон Шукуров, Фарид Усмон, Замира Рўзиева, Қобил Мирзо, Мунаввара Тиллабоева, Хуршида, Наби Жалолиддин; насрда Хабибулло, Қамчибек Кенжа, Сотволди Ражабов, Убайдулла Содиқов, Одилжон Олимов, Омина Тожибоева; драматургияда Раҳбар Файзибоева, Заҳриддин Муҳитдинов, Назиржон Раҳимов, Зиё Нажмий; болалар адабиётида Муқимжон Ниёзов, Одил Абдураҳмонларнинг номлари кенг танилган. Нусрат Абдусаломов, Ҳабиб Сиддиқ, Нажмиддин Икромов, Рафиқ Мухтор, Дилмурод Шокиров, Хамидулло Юсупов, Муборак Қосимова каби бир неча ўнлаб шоир ва адиблар ўз асарларида мустақиллик даври ҳаётини акс эттирмоқдалар.

Андижон вилоятида Ўзбекистон ижодий уюшмалари (ёзувчилар, рассомлар, меъморлар, журналистлар ва б.)нинг вилоят ташкилотлари фаолият кўрсатади.

Матбуоти, радио ва телевидениеси. Андижон вилоятида 2 вилоят газ. («Андижоннома», «Андижанская правда»), 14 туман газ., 3 шаҳар газ. («Асака оқшоми», 1995; «Хонобод овози», 1992; «Қорасув тонги», 1992) чиқади. Вилоятда, шунингдек 14 тармоқ газ., 2 журнал («Лимфа» илмий и. ч. мажмуасининг «Лимфалогия» жур., 1991 й. дан 3 ойда бир марта рус тилида чиқади; А. в. халқ таълими бошқармасининг «Таълим равнақи» ойлик жур., 1999) нашр этилади.

Андижон вилоятида дастлабки радио эшиттиришлари 1927 й. дан бошланган. Шундан буён вилоят радиоси ўзининг мазмунли эшиттиришлари билан вилоят ижтимоийсиёсий ҳаётида ўз ўрни ва овозига эга бўлиб келмоқда.

1963 й. да Андижон вилоятлараро телестудия ташкил этилиб телекўрсатувлар бера бошлади (мазкур студия бир йилча фаолият кўрсатиб кейинроқ техник имкониятлар бўлмаганлиги туфайли ўз фаолиятини тўхтатган). Республикамиз мустақилликка эришгач, Андижонда 1991 й. 25 окт. да вилоят телевидениеси ташкил этилиб, унинг биринчи кўрсатувлари эфирга узатилди. Бир ойлик кўрсатувлар вақти 45 соатдан ортади. Андижон вилояти радиоси ойига 36 соатлик ҳажмда эшиттиришлар беради (2000).

Бундан ташқари Андижон вилоятида 1997 й. 23 июндан «Андижон» ёшлар телерадиокомпанияси ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти водий аҳолисига телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар олиб боради. Телерадиокомпания «Тасвир» номи билан газ. нашр этади; 1998 й. нинг окт. дан унинг «Водий садоси» радиоси фаолият кўрсатади. Вилоятда, шунингдек «Тараққиёт» (1995 й. дан) нодавлат телеканали кўрсатувлар олиб боради.

Меъморий ёдгорликлари. Қадимда ва ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар бизгача етиб келмаган. Андижон ш. да 19-а. охирида қурилган жоме масжиди мажмуаси сақланган. Таркибида масжид, минора ва Мадраса бор. Жоме масжиди Фарғона водийсида энг маҳобатли бинодир (қ. Андижон жоме масжиди мажмуаси).

Шаҳрихонда ўтган асрда бино килинган бир қанча маҳалла масжидлари ва мадрасалари сақланган. Шундан бири 19-а. бошида қурилган Понсод масжидидир. Масжиднинг безак қисмларини фарғоналик усталар ишлаган. Шаҳрихонда 1872 й. қурилган Гумбаз мадрасаси сақпанган. Андижон ш. да 20-а. бошида қурилган 2 қаватли Аҳмадбекҳожи уйи ҳам миллий меъморлик намуналаридан бири (қ. Аҳмадбекҳожи меҳмонхонаси). Ҳоз. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи Аҳмадбекҳожи боғи ўрнида бунёд этилган. Бойнинг боғидаги шийпон биноси ҳам сақланиб қолган. Пахтаобод ш. да 20-а. бошида қурилган Отақўзи мадрасаси ёдгорлиги ҳам диққатга сазовор. Унинг 5 минораси бор.

Абдуғулом Султонов, Собиржон Шокаримов, Шуҳратжон Каримов.

Loading...