АНЕМИЯ (юн. an — инкор қўшимчаси ва haima — қон) , камқонлик — қонда эритроцитлар сони ва гемоглобин миқдорининг камайиши, сифатининг ўзгариши билан кечадиган касаллик. А. га қон яратилиш жараёнининг бузилиши, тўсатдан ёки сурункасига қон йўқотиш, қизил қон таначалари (эритроцитлар) нинг кўп парчаланиши, асосий қон яратувчи тўқима — кўмикнинг ўз функциясини етарли бажара олмай қолиши сабаб бўлиши мумкин. Темир ва витамин В12 етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган Анемия бирмунча кенг тарқалган. Оз-оздан узоқ вақт қон кетиб турганда, мас, бавосир ёки меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси касаллигида ҳам кўпинча Анемия кузатилади. Ҳайз қони узоқ ва кўп кетадиган аёлларда ҳам темир етишмаслигидан келиб чиқадиган Анемия тез-тез учраб туради. Темир етишмаслигига алоқадор Анемияга бот-бот ҳомиладор бўлиш, узоқ вақт бола эмизиш сабаб бўлади, чунки ҳомиладорлик ва эмизуклик даврида она организмидаги темир захирасининг бир қисми болага ўтади. Кичик ёшдаги болаларда кузатиладиган камқонлик уларни нотўғри овқатлантириш, шунингдек овқатнинг кам-кўст бўлиши оқибатида рўй беради. Эритроцитлар сони сал камайгани ёки расо бўлгани ҳолда, қонда гемоглобин миқдорининг озайиши темир етишмаслигига алоқадор Анинг асосий белгиларидандир. Беморнинг ранги синиққан бўлиб, аксарият тез чарчаш, бош оғриши, бош айланиши, кўз олди живирлашишидан шикоят қилади, соч тўкилади, тирноқ мўртлашиб синишга мойил бўлиб қолади. Баъзан ютиниш қийинлашади, беморнинг одатда истеъмол қилинмайдиган нарсалар (бўр, оҳак, гилвата ва ҳ. к.)ни егиси келади, аччиқ, шўр таомларни хуш кўради. Темир етишмаслигига алоқадор Анемиянинг олдини олиш ва даволашда қон йўқотиш эҳтимоли бўлган манбаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш, ҳомиладор бўлиш ва туғишни маълум даражада режалаштиришга эришиш, бекаму кўст овқатланишга риоя қилиш лозим.
Витамин В12 ёки фолат кислота етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган Анемия анча кам учрайди. Анемиянинг бу хилида ўзига хос аломатлар: тил ачишиши, касаллик ўтказиб юборилганда нерв системасининг зарарланиш (фуникуляр миелоз) белгилари кузатилади. Бу хил Анемиянинг олдини олиш учун меъда-ичак йўлининг сурункали касалликлари, айниқса ич кетиши билан ўтадиган касалликларни ўз вақтида аниқлаб даволаш жуда муҳим. Гижжа тарқалган жойларда улардан зарарланишнинг олдини олиш чораларини кўриш зарур, касаллик пайдо бўлганда эса ўз ваqnида даво қилиш лозим. Эритроцитларнинг кўплаб емирилиши билан боғлиқ гемолитик Анемия хиллари кўп. Улар ирсий ёки орттирилган бўлиши мумкин, одатда тери ҳамда шиллиқ қаватнинг сарғайиши, эритроцитлар сони ва гемоглобин миқдорининг камайиши билан кечади. Барча хил Анемияда врачга мурожаат этиш ва ўз вақтида тўғри даволаниш зарур.
Ад.: Петров В. Н., Бахрамов С. М., Фарманкулов X. К., Железодефицитные анемии, Т., 1995.
Саиджалол Баҳромов.