АНГИНА

АНГИНА (лот. angina — бўғилиш) — танглай муртак безларининг яллигланиши билан кечадиган ўткир инфекцион касаллик; кўпроқ стрептококк, стафилококк ва б. микроблар қўзғатади. Улар ҳалқумга аксари Ангина бўлган бемор фойдаланган уй-рўзғор буюмлари (мас, ювилмаган идиш-товоқ ва б.)дан тушади. Кўпинча ҳалқумда бўладиган ва одатда касаллик қўзғатмайдиган микроблар айрим нохуш омиллар таъсирида, мас, киши совқотганда ёки ҳарорат ўзгарганда касаллик қўзғатиши мумкин. Баъзан оёқнинг ҳўл бўлиши, музқаймоқ ейиш, совуқ сув ичиш, муздек сувда чўмилиш ва б. ҳолларда Ангина билан оғриш кузатилади. Ҳалқумга мунтазам тушиб турадиган тутун, чанг, спиртли ичимликлар, шунингдек бурун орқали нафас олишни қийинлаштирадиган аденоидлар ва бурун-ҳалқумнинг бошқа касалликлари Ангинага сабаб бўлиши мумкин. Бурун ва ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши (мас, гайморит), шунингдек оғиз бўшлиғидаги йирингли яллиғланишлар (чириган тишлар) ҳам Ангинага сабаб бўлади. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморда мадорсизлик, бош оғриғи, томоқ қақраб оғриши, ачишиши, ютинганда оғриқ кузатилади. Ҳарорат кўтарилади (38—41°); муртак безлари қизариб, улар юзасида йирингли караш пайдо бўлади. Ангина билан тез-тез оғриш натижасида муртак безлари сурункали яллиғланадиган бўлиб қолади. Ангинанинг катарал, фолликуляр, йирингли ва б. хиллари фарқ қилинади. Маҳаллий (перитонзилляр абсцесс, ўрта қулоқнинг ўткир яллиғланиши) ва умумий (бўғимлар, юрак, буйракнинг зарарланиши) асоратлар қолдириши мумкин. Врач кўрсатмаларини бекаму-кўст бажариш тез соғайиб кетишга имкон беради ва асоратлар авж олишига йўл қўймайди.

Prev Article

АНГИДРОН

Next Article

АНГЛЕЗИТ