АНГИШВОНАГУЛ

АНГИШВОНАГУЛ, ўймоқгул (Digitalis) — сигирқуйруқдошлар оиласига мансуб икки йиллик ва кўп йиллик ўтлар туркуми. Европа ва Осиёда 25 га яқин тури бор. Барчаси заҳарли. Ангишвонагулнинг пояси тикка (уз. 40 — 150 см), барглари кетма-кет жойлашган, барг чети аррасимон, баъзи турларида текис. Барглар поянинг остидан учига томон майдалашиб боради. Гуллари шингил тўпгулга йиғилган, гултожи қўнғироқ ёки ангишвонага ўхшаш; ўсимлик номи ҳам шундан олинган. Қизил А. ва сариқ А. нинг баргидан пурпуреа А, пурпуреа В, дигитоксин, гитоксин ва юрак касалликларига қарши ишлатиладиган бошқа глюкозидлар олинади. Ангишвонагулнинг бошқа турларидан олинган препаратлар (мас, абицин) ҳам шу каби касалликларни даволашда қўлланилади. Ангишвонагулнинг баъзи хиллари Ўзбекистонда хушманзара ўсимлик сифатида экилади.

Prev Article

АНГИДРОН

Next Article

АНГЛЕЗИТ