АНГЛИЯ БАНКИ

АНГЛИЯ БАНКИ (Bank of England) — Буюк Британиянинг давлат марказий эмиссия банки. 1694 й. да хусусий акциядорлик банки тарзида ташкил топган. Дастлаб энг йирик банкирлар уйлари капиталини марказлаштирди, кейинчалик мамлакатнинг асосий молиявий марказига, давлатдаги банкларнинг банкига айланди. 1 – жаҳон уруши (1914 — 18) га қадар Англия банки банкнотларини олтинга алмаштириш мумкин эди. 1946 й. да лейбористлар ҳукумати Англия банки6. ни национализация қилди, акция эгаларига йилига 12% даромад келтирадиган ҳукумат қимматбаҳо қоғозлари билан товон тўланди (дивидендлар берган даромад даражасида).

Англия банки парламент белгилайдиган доирада пул эмиссияси билан шуғулланади, ҳукуматни молиялайди, давлат бюджетининг касса ижросини амалга оширади, мамлакатдаги ва мухбир аъзолик алоқалари бўлган кўпгина хорижий банкларнинг захираларини асрайди, мамлакат банклари учун ҳисоб-китоб маркази; валюта назоратини олиб боради, банкларнинг кредит фаолиятини назорат қилади, фоиз ставкаларини ўзгартириш орқали пул бозорини тартибга солади. Англия банки бошқарувчиси ва директорини ҳукумат тайинлайди. 8 бўлими бор.

Prev Article

АНГКОР