АНГОР ТУМАНИ — Сурхондарё вилоятидаги туман. 1952 й. 16 апр. да ташкил этилган. 1962 й. 24 дек. да Термиз туманига бирлаштирилган. 1979 й.4 дек. да қайта тузидди. Ангор тумани вилоят жанда жойлашган. Термиз, Музработ, Шеробод, Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари билан чегарадош. Майд. 0,39 минг км2. Аҳолиси 85 минг киши (1997). Ангор туманида 1 шаҳарча (Ангор) ва 7 қишлоқ фуқаролари йиғини (Истиқлол, Дўстлик, Занг, Навоий, Таллимарон, Янгиобод, Қайран) бор. Маркази — Ангор шаҳарчаси.
Ангорда мил. ав. 6 — 4 – а. ларда аҳоли манзиллари бўлган. Кушан подшолиги даврида (1—3 – а. лар) деҳқончилик воҳаси таркиб топган. Зартепа қалъаси Ангорнинг маркази бўлган. 6 — 7-а. ларда қалъалар, қўрғонлар вужудга келган. Ўтмишда Ангор Термизга борадиган савдо карвони қўниб ўтадиган қишлоқ ҳисобланган.
Табиати. Туман вилоятнинг энг жан. да жойлашган. Шим. да Кизириқ, ғарбда Хотинработ даштларига туташган. Шим. да Ховдоғ, жан.-шарқида Қорақир қирлари бор. Улар орасида Каттақум жойлашган. Иқлими қуруқ субтропик иқлим. Қиши қисқа, илиқ. Янв. нинг ўртача т-раси 2 — 3°. Ёзи иссиқ, давомли. Июлнинг ўртача т-раси 31 — 32°. Йилига 120 — 130 мм ёғин тушади. Вегетация даври 300 кун. Туман ҳудудининг ғарбий қисмидан Шеробод дарёсининг қуйи қисми оқиб ўтади. Занг каналидан тармоқланадиган ариқлардан суғорилади. Тупроғи бўз, тақир, қумлоқ тупроқ. Тупроқ шўрланишини камайтириш учун туман ҳудуди бўйлаб шим.шарқдан жан.-ғарб йўналишида зовур қазилган. Шўра, янтоқ, жинғил, қиёқ, қамиш, бурган каби чўл ўсимликлари ўсади. Туман ҳудудининг кўп қисми ўзлаштирилганлиги сабабли чўлдаштга хос ёввойи ҳайвонлар деярли учрамайди.
Аҳолисининг аксари қисми ўзбеклар; шунингдек тожик, туркман, рус, татар, яҳудий ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га ўртача 218 киши тўғри келади. Аҳолисининг 90% дан ортиғи қишлоқларда яшайди.
Хўжалиги. Ангор туманида 8 жамоа хўжалиги, 104 деҳқон-фермер хўжалиги, 36 ҳиссадорлик жамияти, 123 кичик корхона, 7 саноат корхонаси бор. Туман ғалла, пахта ва сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Боғдорчилик ва токчилик билан ҳам шуғулланилади. 1999/2000 ўқув йилида 40 дан ортиқ умумий таълим мактабида 20559 ўқувчи таълим олди. 20 мингдан зиёд мактабгача тарбия муассасаси, муаллимлар тайёрлаш, касб-ҳунар лицейи, 2 иқтидорли болалар лицейи мавжуд. 30 кутубхона, маданият уйи, 14 қишлоқ клуби, Ангор шаҳарчасида Ангор тумани Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи, «Орзу» кинотеатри аҳолига хизмат кўрсатади. Марказий касалхона, 8 қишлоқ амбулаторияси, 52 фельдшер-акушерлик пункти, 2 поликлиника, марказий стадион, 12 спорт зали, 28 футбол майдончаси ишлаб турибди (2000).