АНИМАЛИСТИКА

АНИМАЛИСТИКА (лот. animal – ҳайвон) — тасвирий санъатда ҳайвонларни тасвирлаш. Бу соҳада ишловчи рассом ва ҳайкалтарош анималист деб аталади. Табиатнинг ажойиб маҳсули бўлган ҳайвонот олами — сувда, қуруқликда яшовчилар, қушлар инсонни жуда қадимдан қизиқтирган, ҳайвонот дунёси умуман инсон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ибтидоий инсон ибтидоий саньат на-муналарида ов манзараларини, ҳайвонларнинг турли шароитда ҳаракат ва ҳолатини акс эттирган. Қадимда кўпгина ҳайвонларни илоҳий ҳисоблаганлар (жумладан, туркий халқларда она бури ва, б.), тасвирий санъат асарларида инсон билан ҳайвонни уйғунлаштириб кўрсатганлар (сфинкс, грифонлар). Қад. Хитой, Японияда ҳайвон тасвири безак ва маҳобатли мужассамотларда кўп учрайди. 17-а. голланд тасвирий санъатида ҳайвонларни тасвирлаш махсус жанрга айланди. 18-а. дан рус тасвирий санъатида Анималистика жанри ривожлана бошлади (И. Гроот, П. Клодт). Анималистика халқ ижодида кенг тарқалган. Айрим Шарқ мамлакатларида, айниқса Мьянма (Бирма), Камбоджа (Кампучия), Ҳиндистонда меъморий иншоотлар қадимдан ҳайвонлар тасвири билан уйғунлаштириб бунёд этилган. Туркистонда, жумладан Ўзбекистон ҳудудида Анималистика жуда қадимдан ривожланган. Дастлабки ҳайвон тасвирлари (қоятош расмлари, сопол буюмлар безаги, ҳайкаллар) ибтидоий даврда ва ундан кейинги жамиятда яратилган (неолит, энеолит, жез даврида яратилган кулоллик буюмларидаги ҳандасий шакллар ҳайвон — сигир, қушлар, холдор сиртлон тасвирлари б-н тўлдирилди; Амударё хазинасидаги олтин буюмларда ҳўкиз, эчки, илон ва б. тасвирлари). Яна қ. Саклар маданияти, Скифлар санъати. Сақланиб қолган деворий расмларда (қ. Далварзинтепа, Афросиёб деворий расмлари, Тупроқ қалъа деворий расмлари), амалий безак санъати (мато, зийнат буюмлари, безакли идишлар ва б.) да ҳам ҳайвон тасвирлари учрайди. Араблар истилосидан кейин Анималистика жанри тушкунликка учраб, ўрнини кўпроқ гириҳ, ислимий нақшлар эгаллади. Шунга қарамай, миниатюра асарларида ҳайвон ва қушлар тасвири кўп. Безак санъатида ҳам мавжуд: ўйма ва бўяма нақшларда ҳайвон ва қушлар услублаштириб бўлса ҳамки ифодаланган, ўйинчоқ ҳайкалчаларда, асосан, ҳайвонлар шакли тасвирланган; шойи матода афсонавий маҳдуқлар (7—9-а. лар), ганч ўймакорлигида қанотли шерлар, дев ва б. (Термизшоҳлар саройида, 12-а.); шиша буюмларда ҳайвон шакли (ҳўкиз боши, Самарқанд музейида; балиқ шаклидаги биллур идишча, Эрмитажда) ва б. тасвирлар, Самарқанддаги Шердор Мадраса пештоқига шер, Бухородаги Девонбеги мадрасаси қаносига афсонавий семурғ қуш, кийик тасвирлари ишланган. Ўзбек ҳайкалтарошлари А. Бойматов, П. ва М. Иванов, Э. Алиев, И. Жабборов ва б. ижодида ҳам ҳайвонлар тасвири учрайди. Ўзбек халқ ижодида Анималистика жанри (У. Жўрақулов, Ҳ. Раҳимова, Анималистика Мухторов ва б. усталар ижодида) кенг ривожланган.

Неьмат Абдуллаев.