АНИҚЛИК

АНИҚЛИК — 1) машинасозликда — тайёрланадиган буюмлар (деталлар, узеллар, машина асбоблари)нинг олдиндан белгиланган параметрларга, чизмада берилганига, техник шартларга, стандартларга мос келиш даражаси. Ҳар қандай технологик жараёнда муайян хатолик бўлади, шунинг учун мутлақ А. га эришиб бўлмайди. Аниқлик шакли, ўлчами, ўзаро жойлашиш аниқлиги каби хилларга бўлинади. Йўл қўйиладиган Аниқлик (допусклар) тизимига мувофиқ деталларнинг ўлчамларига чегаравий ўлчамдан оғиш (қўйим) билан Аниқлик киритилади;

2) автоматик бошқариш тизими (АБТ) да — бошқариш жараёнининг талаб этилганга яқинлашиши даражасини белгиловчи энг муҳим кўрсаткичлардан бири. Бошқариш жараёнининг талаб этилгандан оғиши бошқариш объекти ва АБТ динамик хоссаларидан, АБТ га кирадиган ўлчаш ҳамда ижро қурилмаларининг хатоликлари, баъзи элементларнинг ички шовқинлари ва ташқи халақитларидан келиб чиқади;

3) ўлчашда — ўлчаш натижаларининг ўлчанаётган катталикнинг ҳақиқий қийматига яқинлашиш даражаси;

4) ўлчаш асбобларида — ўлчаш асбоблари кўрсатган қийматнинг махсус асбоб ёрдамида ўлчанган катталикнинг ҳақиқий қийматига яқинлашиш даражаси.