АНКИЛОСТОМИДЛАР (Ankylostomatidae) — стронгилидлар туркумига мансуб тўгарак чувалчанглар оиласи. Уз. 21 мм гача. Орқа томонига силжиган кенг оғиз бўшлиғида жойлашган кутикула тишлари ёрдамида хўжайинининг ичаги деворига ёпишиб олади. Сут эмизувчи ҳайвонлар ва одамда паразитлик қилади. 70 га яқин тури маълум, кўпроқ тропик ва субтропик минтақаларда уч-райди. Одамларда ўн икки бармоқ ичак анкилостомаси (Ankylostoma duodenale) ва америка некатори (Necator americanus), йиртқич сут эмизувчиларда ит анкилостомаси (A. caninum) паразитлик қилади. Анкилостомидлар тухумлари ахлат билан нам жойга ёки сувга тушганида ривожланади. Тухумдан чиққан личинкаси одам ва ҳайвон танасига тери орқали ўтади ёки сув ва озиқ орқали ичакка тушади. Анкилостомидлар тропик ва субтропик иқлимли жан. ҳудудларда тарқалган. Одамларда ўткир камқонлик пайдо қилади, баъзан ўлимга олиб келади.