АНКОНА

АНКОНА — Италиянинг шарқий қисмидаги шаҳар. Анкона провинциясининг ва Марке вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 103,5 минг киши (1990). Адриатика денгизидаги порт ва ҳарбий денгиз базаси. Машинасозлик, нефтни қайта ишлаш, озиқ-овқат ва енгил саноат корхоналари бор. Мусиқа асбоблари ва шиша буюмлар ишлаб чиқарилади. Фармацевтика саноати мавжуд. Четга олтингугурт ва асфальт чиқарилади. Балиқ овланади. Анконада тарихий ёдгорликлар кўп. Мармардан ишланган Траян зафар арки (115 й. дан кейин қурилган), 12—13-а. ларга оид собор, Миллий музей, расмлар галереяси бор. Бальнеологик курорт.