АНСАМБЛЬ (франц. ensemble — бирлик, уйғунлик, оҳангдошлик) — 1) меъморликда — бир кенглик мужассамотига эга бир-бирига мос бинолар, иншоотлар мажмуи;
2) мусиқада — а) маълум мусиқа асарларининг бир неча ижрочилар томонидан биргаликда ижро этилиши; б) созанда ва ашулачиларнинг кичикроқ тўдасига мўлжалланган мусиқа асари. Опера, оратория ва кантаталарда ҳам Ансамбль бўлади. Ижрочилар сонига қараб Ансамбльлар дуэт (2 киши), трио ёки терцет (3 киши), квартет (4 киши), квинтет (5 киши), секстет (6 киши), септет (7 киши), октет (8 киши), нонет (9 киши), ва ҳ. к. ларга бўлинади;
3) театр санъатида — драматург, реж., рассом, композитор ва актёрлар ижодининг уйғунлиги. А саҳна асари ғоясининг мукаммалроқ очилишига хизмат қилади ва спектаклда услуб бирлигини юзага келтиради. Ансамбль яратиш учун хар бир ижрочи бошқа ижрочиларнинг ҳам вазифаларини ҳисобга олиши, сахнада умумий суръат ва руҳият мутаносиблигини ўрнатишга ҳаракат қилиши керак. А ижоддош актёрларнинг бир уюшмада узоқ вақт ишлаши ва бир ижодий мақсад билан яшаши туфайли таркиб топади;
4) амалий санъатда — туси бир хил, бичими бир-бирига монанд бўлган кийим-кечаклар мажмуи.