АНСОРЛАР (араб. — ёрдамчилар, сафдошлар) — Муҳаммад (сав) саҳобалари бир табақасининг номи. 622 й. Маккадан Мадинага кўчиб борган мусулмонлар (муҳожирлар)га ва Муҳаммад (сав)га ёрдам берган ҳамда ислом динини қабул қилган мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларининг аъзолари. Ансорлар муҳожирлар билан бирга илк мусулмонлар жамоасини ташкил этган. А. Бадр жангидан эътиборан Муҳаммад (сав)нинг маккалик мушрикларга қарши юришларида фаол иштирок этдилар. Кейинги сиёсий воқеаларда ҳам Ансорларнинг роли катта бўлди. Муҳаммад пайғамбар вафотидан сўнг улар ўз ичларидан халифа сайлашга уриниб кўрдилар. Лекин Авс ва Ҳазраж қабилалари ўртасидаги рақобат бунга йўл қўймади.