АНТИК АДАБИЁТ

АНТИК АДАБИЁТ (лот. antiquus — қадимги) — Юнонистонда юзага келган ёзма адабиёт (мил. ав. 9—8-а. лар). Бу адабиётнинг илк намунаси «Илиада» ва «Одиссея» достонлари бўлиб, булар «Гомер достонлари» деб ҳам аталади. Гомердан ташқари Эсхил, Софокл, Еврипид ва б. ҳам Антик адабиётнинг йирик намояндаларидир. Юнонистон ва Қад. Рим адабиётини Антик адабиёт деб қабул қилиш бир ёқлама фикр. Чунки ёзма адабиётнинг энг қадим намуналари Шарқда, Шумер ва Аккадда, Ҳиндистон, Миср, Бобилда яратилган. Шумерликларнинг Гилгамеш ҳақидаги достони юнон адабиётидан 2000 йиллар илгари сополга ёзиб қолдирилган.