АНТИМУТАГЕНЛАР (юн. anti – қарши ва мутагенлар) — сунъий (индуцирланган) ёки табиий (спонтан) мутацияларнинг пайдо бўлишини камайтириш хусусиятига эга моддалар. Антимутаген таъсирга эга бўлган препаратлар турли типдаги кимёвий бирикмалардан иборат: пуринли рибозидлар; алифатик полиаминлар; акридин ва унинг аминли ҳосилалари; хинакрин ва унинг аналоглари; бензакридин ва хинолин ҳосилалари; антибиотиклар (стрептомицин, хлорамфеникол, актиномицин Д); сульфаниламидли препаратлар; дигидропиридинлар ва 3-оксипиридинлар; баъзи аминокислоталар; фенолли бирикмалар (ғаллатлар, ионол, паракватлар, катехинлар); аминопропионли кислоталарнинг анилидлари ва б. Башарти кимёвий мутагенлар табиий (спонтан) мутацияларнинг вужудга келишида муҳим аҳамиятга эга экан, демак ҳужайраларда бу мутагенлар қарама-қарши таъсир кўрсатувчи антимутаген кучга эга, аммо асосий вазифаси мутацияларнинг табиий содир бўлиш тезлигини сусайтиришдан иборат буфер тизим ҳам бўлиши керак. Каталаза шундай таъсирга эга. Каталаза иштирокида водород пероксидининг мутаген таъсири тезда тўхтайди.
Атроф муҳит омиллари (радиацион, кимёвий ва б.) мутаген таъсири хавфининг тобора ошиб бориши сабабли, универсал Антимутагенларни яратиш муаммоси ўта муҳим амалий аҳамият касб этади.