АНТИСЕПТИК ВОСИТАЛАР

АНТИСЕПТИК ВОСИТАЛАР (анти… ва юн. septikos — чириш) тиббиётда — тери, гавда бўшлиўлари, жароҳат юзаси ва б. жойлардаги касаллик қўзғатувчи микробларга нисбатан кушандалик хусусиятига эга моддалар. Улар одамга унчалик таъсир қилмайди, асосан дезинфекциялаш, тери ва шиллиқ пардаларга суртиш, жароҳатлар ва гавда бўшлиқларини чайиш учун ишлатилади. Антисептик воситаларга галогенли (хлор, йод ва б.) бирикмалар, хлорамин, пантоцид, Люгол эритмаси; йоднинг спиртдаги эритмаси, йодоформ ва б. оксидловчилар (калий перманганат, водород пероксид), симоб (сулема, симобли мазлар) ва кумуш (ляпис, протаргол ва б.) бирикмалари, спиртлар, феноллар (карбол кислота ва б.), баъзи бўёқлар (риванол, метилен кўки, бриллиант яшили ва б.) киради. Техникада — ёғоч материалларни чиришдан асраш, уларнинг мустаҳкамлигини камайтирувчи замбуруғлардан сақлаш учун ишлатиладиган моддалар. Антисептик воситалар мойсимон, сувда эрувчан ва эримайдиган хилларга бўлинади. Ёғоч буюмлар ёки материалларга, кўпинча, антисептик суюқликлар шимдирилади ёки уларнинг сиртига махсус пасталар суртилади. Мас, битум пасталари қурилишда кенг тарқалган. Битум пастаси II ёки III маркали нефть битумини 90 — 100° т-рада эритиб, унга нефть мойи, натрий фторид ва торф ёки минерал кукунлари қўшиб олинади. Қурилишда аммоний фторид, рух хлорид сингари материаллар кўп ишлатилади. Сувда эримайдиган, аммо органик эрит-маларда эритиб ишлатиладиган Антисептик воситаларга пентахлорфенол, бетанафтоллар ва термопластик материаллардан петролатум киради. Антисептик воситалар шпаллари, телеграф устунлари, гидротехника иншоотларидаги ёғоч қисмларга шимдирилади.