АНТИСЕПТИКА

АНТИСЕПТИКА — жароҳатларни ва уларни тозалаб даволашда ишлатиладиган асбобларни кимёвий моддалар б-н юқумсизлантириш усули. 1867 й. да инглиз олими Ж. Листер француз бактериологи Л. Пастер тажрибаларига асосланиб операцион хона ҳавосидаги, жарроҳ қўлидаги ва жароҳатга ишлатиладиган нарсалар (дока, жарроҳлик асбоблари) даги бактерияларни йўқотиш б-н жароҳатларни кўпгина асоратлардан сақлаб қолиш мумкин, деган хулосага келди. Бунинг учун у 5% ли карбол кислота эритмасига ҳўлланган бир неча қават боғлов ишлатди. Антисептик кимёвий препаратлар юза ва чуқур қўлланилади. Юза Антисептикада жароҳат ва бўшликлар хлорамин, хлорацид, водород пероксид, калий перманганат ва б. моддалар эритмаси билан ювилади ёки жароҳат юзасига антисептик мазлар (мас, Антисептика Вишневский мази) суртилади. Чуқур Антисептикада эса авж олаётган жароҳат атрофидаги тери остига антисептик суюқликлар (фурацилин, риванол ва б. эритмалар), тери ости, мускул ораси ёки венага антибиотиклар сингари антисептик моддалар юборилади. Иккала ҳолда ҳам микроблар ё ўлдирилади ёки уларнинг ҳаёт фаолия-ти учун ноқулай шароит туғдирилади. Ҳозир механиқ физик, кимёвий ва биологик Антисептика усуллари мавжуд. Антисептика жарроҳлик даво усулининг ажралмас таркибий қисмидир.