АНТИТОКСИНЛАР

АНТИТОКСИНЛАР (анти… ва юн. toxikon — заҳар) — 1) юқумли касаллик даврида бемор организмида ҳосил бўладиган иммун моддалар. Антитоксинлар патоген микроблар заҳарини зарарсизлантиради. Антитоксинлар ҳайвонлар организмида сунъий йўл б-н ҳосил қилинади, бунинг учун аввал микроб заҳаридан анатоксин тайёрлаб, кейин у, мас, от териси остига бир неча марта юборилади. Натижада от организмида Антитоксинлар ҳосил бўлади. Бундай отнинг қон зардоби дифтерия, ботулизм, қоқшол ва б. касалликларни даволашда ишлатилади; 2) ўсимликлар ҳосил қиладиган ва фитопатоген микроорганизмлар ажратадиган заҳарли моддалар таъсирини сусайтириш ва нейтраллаш қобилиятига эга кимёвий моддалар. Мас, ғўзада Антитоксинлар хинонлар типидаги фенолли бирикмаларнинг ферментатив оксидланиши, фитоалексинлар ва уларнинг хинонлари маҳсули бўлиб, ўсимликларда инфекцияга жавобан пайдо бўлади. Бу моддалар таъсирида мас, вилт токсинларидан бири пектинтрансэлиминаза ферментининг фаоллиги пасаяди. Антитоксинлар ўсимликларнинг касалликларга табиий чидамли бўлишида муҳим аҳамиятга эга.