АНТРАКНОЗЛАР

АНТРАКНОЗЛАР (юн. anthrax – кумир, nosos — касаллик) — ўсимликларнинг поя, барг ва меваларида Gloeosporium, Colletotrichum ва Kabatilla уруғларига мансуб паразит замбуруғлар қўзғатадиган касаллик. А. касаллиги асосан донли, мевали, полиз экинлари (беда, нўхат, беҳи, олма, ток, анжир, ёнғоқ, қовун, тарвуз, узум, смородина, малина, бодом, зигир), цитрус ўсимликлари, чой ва б. ларда уч-райди. Ўсимликнинг барг, мева, новда, илдиз қисмларини зарарлайди. Барг ва тугунчалар тўкилиб кетади, мева сифати кескин пасаяди. Антракнозлар билан касалланган баргда қорамтир ҳошияли тўгарак қўнғир доғлар пайдо бўлади, новда ва мевада пайдо бўлган доғ усти ботиқ, пуштисимон ғубор билан қопланади, кейинчалик ёрилади, яра ҳосил қилади. Касаллик қўзғатувчиси ёзда конидия ҳолида ривожланади, споралари зарарланган уруғлик, ўсимлик қолдиқлари орқали юқади, сув ёки ҳашаротлар, камдан-кам шамол орқали тарқалади. Ёз намгарчилик келган йилларда Антракнозлар авж олади. Бу замбуруғ споралари нам ҳавода ва ҳарорат 20 — 24° бўлганда яхши ривожланади, ҳарорат 28 — 30° га етганда ривожланиши сусаяди. Антракнозлар касаллиги полиз экинларидан қовун ва тарвуз учун жуда хавфли. Антракнозлар билан касалланган полиз экинларининг ёш ниҳоллари, барглари, поя ва мевалари зарарланади, дон-дуккакли экинларнинг илдиз бўғзи, уруғпалласи ва ер устки қисмлари зарарланади. Токларда учрайдиган Антракнозлар ҳам халқ хўжалигига катта зарар етказади. Ток барглари, мева ва поялари зарарланади. Баргларда йирик жигарранг, мевасида қўнғир доглар пайдо бўлади. Токлардаги Антракнозлар касаллиги кўпроқ Ўрта Осиё ва Закавказье республикаларида тарқалган. Ғўза антракнози Европа, Осиё, Африка, Марказий ва Жан. Америка, Австралия ва Океанияда учрайди. Ўзбекистонда учрамайди ва карантин объекти ҳисобланади.

Кураш чоралари: касалликка чидамли навларни экиш, дарахт ва бута ўсимликларнинг зарарланган шохларини кесиш ва ёқиш; соғлом ва дориланган уруғликни экиш; ўсимликларга касаллик авжига қараб бордо суюклиги ёки рухсат этилган фунгицидларни сепиш. Султон Алимуҳамедов.