АНТРЕ

АНТРЕ (франц. entree — кириш, саҳнага чиқиш) — 1) Европада — ўрта асрларда махсус кийинган қаҳрамонларнинг мусиқа, ашула ва рақс жўрлигида зиёфат ёки бал кечаларига рақсга тушиб кириши; меҳмонларнинг тантанавор юриб залга чиқиши;

2) 17 — 18-а. ларда рақс ва пантомима воситасида балет қисмини намойиш қилувчи бир ёки бир неча раққос ва раққосалар гуруҳининг чиқиши;

3) 19 — 20-а. балетида кенгайтирилган кириш қисми, раққоса ва раққоснинг умумий чиқиши. Булар махсус intrada деб аталувчи мусиқа асарларига замин бўлган; 4) циркда илгари: масхарабозларнинг манежда пайдо бўлиши; ҳрзир: масхарабоз ёки қизиқчиларнинг сўзлашиш ёки пантомима орқали бир-бирига тушунтириш саҳнаси. Ўзбек масхарабоз ва қизиқчилари ижодида Антрега ўхшаш томошалар мавжуд: Корфармон билан масхарабозлар диалоги («Қози», «Сартарош», «Шайтон», «Ўлик сотди» ва б.). Замонавий ўзбек циркида А. Юсупов, Г. Заставников, П. Боровиков, Папсик (П. Ульянов) ва б. ижодида Антре катта ўрин тутган.