АНТРОПОЛОГИЯ

АНТРОПОЛОГИЯ — (антропо… ва …логия) — одамнинг келиб чиқиши ва эволюцияси, одамзод ирқларининг пайдо бўлиши, одамнинг тана тузилишидаги нормал фарқ-тафовут, ўзгарувчанлик ҳақидаги фан. А. ижтимоий фанларга жуда яқин турадиган биология соҳасидир.

Антропологияга доир фикрлар бундан бир неча минг йил илгари пайдо бўлганига қарамай, у фан сифатида фақат 19-а. нинг 2-ярмидан шакллана бошлади. Антропологиянинг муҳим соҳаси — одам организмининг тузилиши ва ривожланишига таъсир қиладиган физиологик, биокимёвий ва генетик омилларни ўрганадиган бўлими — «Одам биологияси» деган умумий ном б-н 20-а. ўрталаридан бошлаб ривожланди. Одамнинг пайдо бўлишида фақат табиат оламининг қонуниятларигина эмас, балки ижтимоий омиллар ҳам муҳим роль ўйнаган. Одам пайдо бўлгандан ҳоз. ҳолатигача унинг бутун ҳаёти ижтимоий жамиятнинг ривожланиш қонунияти б-н чамбарчас боғланган. Антропологиянинг фан бўлиб ривожланишида табиат ва жамият тўғрисидаги фанлар ижобий роль ўйнади. Замонавий фан нуқтаи назаридан айтганда, Антропология қуйидаги учта катта бўлимдан иборат:

1) одам морфологияси;

2) антропогенез;

3) ирқшунослик (этник Антропология) – Морфология одамнинг жисмоний тузилишидаги белгиларнинг ёш, жинс, касб ва ташқи шароитга қараб ўзгаришини тушунтириб беради. Ирқшунослик одамзод иркларининг келиб чиқиш даври ва сабабларини, уларнинг Ер юзига тарқалишини изоҳлаб, этногенез муаммоларини ечишга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Антропология ўзининг турлича текшириш усулларига (антропометрия, остеометрия, краниометрия) ва кўп хил асбобларига эга. Антропология биол. фанининг фақат назарий соҳаси бўлибгина қолмай, амалий аҳамиятга эга бўлган соҳаси ҳамдир. Унинг далилларидан кўп соҳаларда, жумладан тиббиётнинг ҳар хил соҳаларида (мас, одамнинг жисмоний ўсишини ўрганишда), шунингдек суд экспертизасида фойдаланилади.

Туркистон ўзининг географик ўрнига кўра узоқ ўтмишда мураккаб ирқий ва этник жараёнларни бошидан кечирган, шунингдек қўшни халқларнинг ҳам тарихий тақдирларини белгилаб беришда катта роль ўйнаган. Бу ўлка, хусусан Ўзбекистон халқларини антропологик жиҳатдан ўрганиш 20-й. ларда ривожланди. Бу ишда Ўрта Осиё давлат ун-ти антропология кафедраси асосчиси ва доимий раҳбари Л. В. Ошаниннинг хизмати катта бўлди. Унинг раҳбарлигида Туркистон бўйлаб 29 антропологик экспедициялар уюштирилди. Л. В. Ошанин ва унинг шогирдлари (В. Я. Зезенкова, Қ. Н. Нажимов)нинг саъй-ҳаракатлари натижасида Туркистон антропологик жиҳатидан 3 вилоятга ажратилди. Амударё ва Сирдарё оралиғида яшовчи ўзбеклар ва тожиклар ер юзидаги мавжуд уч ирқнинг (европеоид, негроид ва монголоид) бири — европеоид ирқининг «Ўрта Осиё икки дарё оралиғи типи»га мансуб деб топилди. Москвалик антрополог А. И. Ярхо бу ирқни «Помир-Фарғона типи» деб атади. Фарғона водийсидаги Селунгур ва Сурхондарёдаги Тешиктош ғорларидан топилган қад. аждодларимиз қолдиқлари туфайли Ўзбекистон Африка ва Олд Осиё ҳудудлари билан бир қаторда, ҳоз. замон одамларининг пайдо бўлиши жараёни юз берган ҳудудлар таркибига киритилди ва бу хулоса фанда узил-кесил исботланган. Ўзбек халқига хос «Ўрта Осиё икки дарё оралиғи типи»нинг шаклланиш даври, макони ва тарихи масалаларида фанда яқингача ягона фикр йўқ эди. Бир гуруҳ олимлар бу ирқий тип бундан 6 — 8 минг йил илгари шаклланди деса, бошқа бир гуруҳ мутахассислар бу воқеа бундан 3 минг йил илгари содир бўлди дейишди. Учинчи гуруҳ олимлари эса уни 16-а. да шаклланди деб ҳисоблар эдилар. Ўзбек антропологлари (Т. Хўжайов)нинг узоқ йиллик изланишлари натижасида, жуда бой антропологик материаллар асосида бу тип бундан 2200 — 2300 йил илгари шакллана бошлаганлигини исботладилар (қ. Ўзбеклар).

Ад.: Ошанин Л. В., Антропологический состав населения Средней Азии и этногенез её народов, ч. 1 — 3, Ереван, 1957 — 59 (Труды Среднеаз. Гос. ун-та, Нов. сер, вып. 96 — 98; Исторические науки кн. 16 — 18); Хўжайов Т. К,., Хўжайова Г. К,., Ўзбек халқининг антропологияси ва этник тарихи, Т., 1995; Материалы к этнической истории населения Средней Азии, Т., 1986.

Loading...