АНТРОПОМЕТРИЯ

АНТРОПОМЕТРИЯ (антропо… ва юн. metreo — ўлчайман) — антропологиянинг текшириш усулларидан бири. У одам организми аъзоларининг ҳамма белгилари (узунлиги, эни, қалинлиги, шакли, ранги ва ҳ. к.) ўзгариб туришини миқдорий томондан тавсифлаб беради. Олинган маълумотлар организм нинг айрим бўлаклари (бош, бўйин, кўкрак қафаси, қорин ва чаноқ қисмлари, қўл ва оёқлар)га таққосланиб, ўсиши ёки ўзгариши кузатиб борилади. Узунлик, кенглик ва бурчак белгилари Антропометрия асбоблари (учи дўмбоқ циркуль, сирғанувчи циркуль, координатали циркуль, одам бўйини ўлчовчи антропометр, бурчакни ўлчовчи гониометр ва жағни ўлчовчи мандибулометр ва ҳ. к.) ёрдамида ўлчанади. Тана, айниқса бош, юз, бурун, лабнинг ўлчаш мумкин бўлмайдиган белгилари — ранг ва шакллари махсус ишлаб чиқилган шкала ва эталонларга қараб аниқланади. Антропометрия маълумотларидан криминалистикада жиноятчиларни тавсифлаш ва аниқлашда ҳам фойдаланилади.