АНТУАН

АНТУАН (Antoine) Андре (1858.31.1, Лимож — 1943.9.10, Пулиген) — француз актёри, режиссёри, театр назариётчиси. Эркин театр (1887 — 94), Антуан театри (1897 — 1906) ни ташкил этиб, уларга раҳбарлик қилган. 1906 — 14 й. ларда Антуан «Одеон» театрида директорлик, режиссёрлик қилди. Театр танқиди ва кино санъати билан шуғулланди. Антуан театрнинг халқчил ва ҳаққоний бўлиши учун курашди. Антуаннинг эстетик қарашлари, хусусан, унинг актёрлик фаолиятида тўлалигича намоён бўлди. Асосий роллари: Аким («Зулмат ҳукмронлиги»), Освальд («Шарпа»), Кузовкин («Текинхўр»). У Эркин театр артистлари билан Европа ва Россия бўйлаб гастролда бўлди. Антуаннинг «Кундаликлар» китоби назарий ва тарихий қимматга эга.