АНУРИЯ

АНУРИЯ (юн. an — инкор қўшимчаси ва uron — сийдик) — сийдик тутилиши; бунда буйракда ҳосил бўлган сийдик қовуққатушмайди. Преренал Анурия буйрак томирларининг ўсмалар билан қисилиши ёки қайрилиб кетиши, шунингдек буйрак артерияларига тромб ёки эмбол тиқилиб қолиши натижасида келиб чиқади. Кўп қон йўқотиш, юрак-томирлар системасидаги камчилик ва шок, ич кетиши сабабли кўп суюқлик йўқотиш, бетўхтов қусиш, баданнинг шишиб кетиши, асцит ва ш. к. касалликларда қон айланишининг оғир даражада бузилиши натижасида пайдо бўладиган Анурия ҳам преренал Анурияга киради. Бундай Анурияда буйраклар ҳам, сийдик йўллари ҳам зарарланмайди; артериал босимнинг пасайиши, буйраклардан кам қон ўтиши, қонда сувнинг камайиши ва б. экстраренал омиллар катта роль ўйнагани учун сийдик тўхташининг бу турини экстраренал Анурия деб ҳам аталади. Ренал (чин) А. буйрак тўқимасининг сидирға патологик жа-раёндан зарарланиши (гломерулонефрит, пиелонефрит, сулема, кантаридин, қўрғошин тузлари ва сульфанил-амидлардан заҳарланиш ва ҳ. к.) натижасида рўй беради. Постренал (буйрак орти) Анурия эса юқори сийдик йўлларида сийдик оқимини тўсувчи бирор иллат бўлиши оқибатида вужудга келади. Рефлектор А. кучли ру-ҳий ҳаяжон, жароҳатланишдан кейин қаттиқ оғриқ сезиш натижасида пайдо бўлади. Икки сутка ва ундан ортиқ вақт ичида сийдик келмай қолиши уремияга сабаб бўлади.