АОРТА

АОРТА (юн. aorta) , шотомир — одам ва ҳайвонлар организмидаги энг катта, узун ягона қон томири. Юракнинг чап қоринчасидан чиқиб организмнинг барча аъзолари ва тўқималарига тармоқланади. Аорта девори қалинроқ бўлиб, асосан эластик тўқимадан тузилгани учун чап қоринчадан отилиб чиққан қон босимига чидамли ва кенгайиш хусусияти ривожланган. Аорта юқорига кўтарилувчи равоқ ва пастга тушувчи қисмлардан иборат. Пастга тушувчи қисм кўкрак ва қорин А. сига бўлинади. Қорин Аортаси IV бел умуртқаси рўпарасида ўнг ва чап умумий ёнбош артерияларга ажралади. Аортанинг бошланишидан охиригача бўлган қисмидан чиққан артерия толалари бутун организм тўқималари ва аъзоларини қон б-н таъминлайди.

Loading...