АПЕЛЛЯЦИЯ

АПЕЛЛЯЦИЯ (лот. appellatio — мурожаат қилиш; шикоят қилиш; норозилик билдириш) — суд ҳукми устидан шикоят аризаси беришнинг бир шакли. Апелляция Франция жиноят-процессуал кодексига (1808 й.), жаҳоннинг бошқа кўпчилик давлатлари жиноят-процессуал қонунларига киритилган. ЎзРда 1994 й. 22 сент. да қабул қилинган ва 1995 йил 1 апр. дан амалга киритилган Жиноят-процессуал кодексида ушбу тартиб кўрсатилмаган, аммо Апелляция тартибида иш кўришнинг айрим аниқ масалаларига оид қисмлари янги ЖПКнинг 490-моддасида назарда тутилган қоидага кўра, Апелляция кассация инстанциясида иш кўрадиган судда қўлланилади. Суд ҳукми устидан Апелляция тартибида шикоят бериш йўл қўйилган давлатларнинг жиноят-процессуал қонунида Апелляция тушунчаси 2-босқич судида жиноят ишини мазмунан ҳал қилиш учун янгидан кўриш мумкинлигини билдиради. Апелляция суди (2-босқич суди) ҳукмнинг қонунийлиги ва асослигини фақат шикоят (протест)да кўрсатилган ҳолатлар бўйича текширади. Апелляция суди ишдаги ёзма материалларга таяниб, ўз қарорини қабул қилади. Бу судда 1-инстанция судида сўроқ қилинган гувохлар такроран сўроқ қилинмайди, далилларни бевосита ва оғзаки текшириш, суд ишларини юритишдаги тортишув, маҳкумни ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш ва ишни узоқ муддат давомида кўришдек ҳолатлар чегараланади.

Prev Article

АПЕЙРОН

Next Article

АПОМИКСИС